Бугун, 22 август куни Ўзбекистоннинг иккита футбол клуби Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи йўлланмаси учун Қатар чемпионати вакиллари билан куч синашади.
Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси “Ал-Вакра” меҳмони бўлса, Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги Олмалиқнинг ОКМК жамоаси “Ал-Араби”га қарши майдонга тушади.
Осиё чемпионлар лигаси мусобақаси низомига мувофиқ, учрашув олдидан ҳар икки жамоанинг бош мураббийлари ва бир нафар футболчи иштирокида матбуот анжуманлари бўлиб ўтди.
«Ал-Араби» — ОКМК учрашувидан олдин ташкиллаштирилган матбуот анжуманида иштирок этган Миржалол Қосимов жаҳон чемпионати учрашувлари ўтган стадионда ўйнаш футболчилар учун ёқимли эканлигини таъкидлаб, таркибида кучли легионерлар ҳаракат қилаётган “Ал-Араби” билан баҳсда кўпроқ ҳужумга эътибор қаратилишини билдириб ўтди.
«Ал-Вакра» ҳамда «Навбаҳор» ўртасидаги ўйин олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида қатнашган «Навбаҳор» жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян учрашувнинг муҳимлиги ҳақида сўз юритди.
–Осиё чемпионлар лигасида ўйнаш катта масъулият. Бу «Навбаҳор»нинг ОЧЛдаги дастлабки иштироки. Мақсадимиз албатта, керакли натижага эришиш. Кучли жамоа билан тўқнаш келяпмиз. «Ал-Вакра» таркиби кучли футболчилардан иборат. Бу жамоада бир неча терма жамоаларнинг футболчилари йиғилган. Бироқ уларнинг кучсиз томонлари ҳам бор. Бу ҳақда ҳозир гапира олмайман, аммо учрашувда керакли натижа қайд этиш учун нима қилишимиз кераклигини яхши биламиз, – деди “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи.
Эслатиб ўтамиз, «Ал-Вакра» (Қатар) — «Навбаҳор» (Ўзбекистон) учрашуви бугун Тошкент вақти билан 20:30 да бошланса, Ал-Араби» (Қатар) — ОКМК (Ўзбекистон) учрашуви соат 22:30 да старт олади.
Т.Рўзиев, ЎзА