Хива шаҳридаги «Ичан қалъа» мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар куч тузилмалари ўртасида Мудофаа вазири кубоги учун кураш ҳамда Мудофаа вазирлиги қўшинлари ҳарбий хизматчилари ўртасида спортнинг дзюдо тури бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.

“Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун” шиори остида ўтказилган кураш мусобақасида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Хоразм вилояти ИИБ, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Божхона қўмитаси бошқармалари ҳамда Мудофаа вазирлиги қўшинлари ҳарбий хизматчилари 7 та вазн тоифасида куч синашди.

Шунингдек, дзюдо бўйича Мудофаа вазирлиги мусобақасида вазирлик қўшинларининг ҳарбий округлари, бирлашма, олий ҳарбий таълим муассасалари ҳамда марказга бўйсинувчи ҳарбий қисмлардан иборат 15 та жамоанинг 105 нафар аъзоси 7 вазн тоифасида беллашди.

Мусобақанинг очилиш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор Фарҳоджон Шерматов, Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Санъатбек Салаев, Мудофаа вазирлиги жисмоний тайёргарлик ва спорт катта инспектори полковник Аваз Азимов, куч тузилмалари вакиллари, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон кураш федерацияси вакиллари иштирок этди.

Тантанали маросимда сўзга чиққанлар жаҳон спорт майдонларида довруғ ва шуҳрат қозонаётган, миллионларни ўзига маҳлиё этаётган миллий кураш маънавий қадриятларимиздан бири сифатида ўзининг чуқур тарихий илдизларига эга эканлигини таъкидлади.

Муросасиз баҳсларга бой ўтган мусобақалар катта спортга кириб келаётган ёш ва умидли спортчилар ва юксак натижаларга эришган маҳоратли полвонларга ўзаро тажриба алмашиш, ўз куч ва имкониятларини яна бир бор синовдан ўтказишга имкон яратди.

Кураш бўйича Мудофаа вазири кубоги учун кечган баҳслар якунида 1-ўрин Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоасига насиб этди. Ушбу жамоа Мудофаа вазири кубоги билан тақдирланди. 2-ўринни Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Миллий гвардия бошқармаси эгаллади. 3-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жамоасига тегишли бўлди.

Дзюдо беллашувларида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ва Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонликлари эгаллади. Иккинчи поғонадан Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги ва кучли учликдан Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги спортчилари жой олди.

Мусобақаларда ғолиб ва совриндор жамоалар ҳамда спортчилар Мудофаа вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан медаль, диплом, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Т.Рўзиев, ЎзА