Таиландда бокс бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари битта олтин, тўртта кумуш ва учта бронза медални қўлга киритди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида терма жамоамизни тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, спорт мухлислари тантанали кутиб олди.
Мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида Ўзбекистон дунёга спорти жадал ривожланган мамлакат сифатида танилди. Хусусан, ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари спорт оламининг барча нуфузли мусобақалари – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юқори натижаларга эришмоқда.
Осиё бокс конфедерацияси томонидан ташкил этилган қитъа чемпионатида ўттиз давлатдан икки юздан зиёд чарм қўлқоп устаси совринли ўринлар учун баҳслашди.
Иқтидорли спортчимиз Абдумалик Халоков вазни 56 килограммдан ортиқ бўлган боксчилар баҳсида рақибларини катта устунлик билан мағлубиятга учратиб, Осиё чемпиони унвонини қўлга киритди.
– Ғалабам шарафига давлатимиз мадҳияси янграб, Ватанимиз байроғи кўтарилганда шундай юртда туғилиб, вояга етаётганимдан ғурурланиб кетдим, – дейди Осиё чемпиони А.Халоков. – Халқаро майдонлардаги ғалабаларимиз мамлакатимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши, иқтидорини намоён этиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир.
Осиё чемпионатида спортчиларимиздан ўз вазн тоифаларида Самандар Холмуродов, Темур Мержанов, Жавоҳир Тоғаймуродов ва Жамшидбек Маҳмадалиев кумуш медалга сазовор бўлди.
Шунингдек, Жаҳонгир Раҳмонов, Наво Тамазов ва Маҳлиё Раҳимова терма жамоамизга бронза медалларни келтирди.