Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда.

Қайд этилганидек, жорий йилги мулоқот арафасида тадбиркорлардан 6 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Улар кўтарган асосий масалалар – кредит ва молиявий ёрдамни кенгайтириш (жами мурожаатларнинг 26 фоизи), бизнесни жой ва инфратузилма билан таъминлаш (21 фоиз), солиқ тизимини соддалаштириш (10 фоиз), текширишлар ва ортиқча бюрократияни кескин қисқартириш (8 фоиз) билан боғлиқ.

Олдинги очиқ мулоқотларга тайёргарлик давомида кўтарилган масалаларнинг 80 фоизи индивидуал хусусиятга эга бўлиб, кўплари жойида ҳал қилинган эди. Бу сафар 70 фоиз тадбиркорлар тизимли муаммоларни ечимлари билан таклиф қилишмоқда.

–Тадбиркорларимиз фақат ўзига эмас, бутун соҳага наф келтирадиган масалаларни кўтараётгани қувонарли, – деди давлатимиз раҳбари.

Очиқ мулоқот натижалари бўйича қабул қилинадиган қарорларда буларнинг барчаси инобатга олиниши таъкидланди.

 

ЎзА