Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, 2023 йил олти ойида текширишлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга камайган. Яъни, тадбиркорлар тўғри ишлаш “сояда ишлашдан” афзал эканини тушуниб етмоқда. Шунинг учун ҳам солиқ ҳисоботларини топшириш ва камерал текшириш натижалари бўйича молиявий жарималар қўллаш бекор қилинди.

Умуман, ўтган бир йилда кичик тадбиркорлар сони 40 мингтага кўпайди, ўрта тадбиркорлар сони 2 мингтага ошиб, 10 мингга етди. Йирик корхоналар сони эса бир йилда 400 тага кўпайиб, 1,5 мингта бўлди.

Берилган енгилликлардан фойдаланиб, бир йилда 155 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллион доллардан ошди. Киритилган йиллик хорижий сармоялар ҳажми эса илк бор 10 миллиард долларга етди.

Бўлиб ўтган очиқ мулоқотлардан кейин сўнгги икки йилда корхоналаримиз томонидан 25 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди ва аввал импорт қилинган 10 миллиард долларлик маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

ЎзА