Россия ва Шарқий Европадаги энг йирик енгил автомобиль ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган “АвтоВАЗ” компаниясининг энг оммабоп автомобиллари ёритиш тизимлари эндиликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади.
Жорий йилнинг июль ойидан бошлаб Наманган шаҳридаги “UZCHASYS” қўшма корхонасида Россиянинг “АвтоВАЗ” автомобиль компанияси автомобиллари учун ёритиш тизимларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Жумладан, “Lada Granta FL” автомобилининг олд ёритиш чироғи, “Lada Vesta SW/SW Cross”нинг номер ёритиш чироғи, шунингдек, “Lada 2190”, “Lada 2191”, “Lada 8450”, “Lada 1117” ва “Lada 1119” автомобилларининг қарийб ўн хилдаги ёритиш чироқлари ишлаб чиқарилиб, “АвтоВАЗ” корхоналарига етказиб берилади.
“Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг хорижий ҳамкор банклари маблағларини жалб қилган ҳолда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида “UZCHASYS” қўшма корхонасига “NEOLITE ZKW Lightings Pvt Ltd” (Ҳиндистон) ва “Genter Service GmbH” (Германия) технологиялари ўрнатилади. 35 та янги иш ўрни яратилади.
Аҳамиятлиси, янги лойиҳа доирасида ишлаб чиқариладиган юқори қийматга эга тайёр маҳсулотлар тўлиқ экспорт қилиниб, Ўзбекистон автомобиль саноатининг халқаро бозордаги мавқеини янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
“Ўзсаноатқурилишбанк” Ахборот хизмати