Нидерландиянинг Эйндховен шаҳрида 16 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида ўтказилаётган Бутунжаҳон ёшлар олимпиадасининг 6-тури ортда қолди. Ҳозирча Хитой терма жамоаси 12 очко жамғарган тарзда пешқадамлик қилмоқда.
Арманистон 10 очко билан 2-ўринда бораётган бўлса, улардан кейинги поғоналарда жойлашган мамлакатимиз терма жамоаси ва Туркия, Қозоғистон-1, Украина жамоалари 9 очкога эга бўлиб турибди.
Бугун, 17 август куни мусобақанинг 7-тур ўйинлари ўтказилади.
Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари оқ доналарда Қозоғистон-1 жамоаси билан куч синашади. Шунингдек, Арманистон-Хитой, Туркия-Украина, Нидерландия-1-Бангладеш, Литва-Венгрия каби жамоалар 7-турда кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, мазкур Бутунжаҳон ёшлар олимпиадасида мамлакатимиз шарафини Ҳумоюн Бекмуродов, Баҳром Баҳриллаев, Афрўза Ҳамдамова ва Асроржон Омоновдан иборат ёш шахматчилар ҳимоя қилмоқда.
47 мамлакатнинг 63 та жамоаси ўртасида кечаётган мусобақаларнинг сўнгги тур ўйинлари эртага, 18 август куни бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА