Шавкат Мирзиёев: аҳолининг муносиб ҳордиқ чиқариши учун барча шароитларни яратишимиз керак

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги “Наманган истиқлол боғи” маданият ва истироҳат боғи мажмуасида амалга оширилаётган қурилиш жараёнини бориб кўрди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 сентябрдаги “Наманган шаҳрида замонавий маданият ва истироҳат боғини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори асосида бунёд этилаётган мазкур мажмуанинг тамал тоши Президентимизнинг 2017 йил 7-8 июль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида қўйилган эди.
Президентимизга тақдим этилган “Наманган истиқлол боғи”ни ташкил этиш лойиҳасида маҳаллий аҳоли ва вилоят меҳмонлари, хусусан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қиладиган инфратузилма объектлари кўзда тутилган. Жумладан, 110 гектар майдонни қамраб олган ушбу боғда очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзаси, худди шундай мини-стадион, музсаройи, тўрт юлдузли меҳмонхона, йирик аттракционлар, эртаклар шаҳарчаси, савдо мажмуалари ҳамда шохобчалари, кутубхона ва интернет кафе, боулинг ва фитнес клублари ва тўрт қаватли замонавий автотураргоҳ, ҳунармандлар маркази, амфитеатр, аквапарк каби иншоотлар жойлашади. Ўзига хос ландшафтга эга бўлган ҳудудга ноёб манзарали дарахт ва гуллар кўчатлари экилиб, ботаника боғи яратилади.
Туркиянинг “DOME+PARTNERS” компанияси лойиҳаси асосида қурилаётган мажмуанинг умумий қиймати 12 миллион доллар ва 116 миллиард сўмни ташкил этади. 2019 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган боғда 1 минг 500 га яқин янги иш ўринлари яратилади ва мазкур дам олиш ва кўнгилочар маскан йилига 100 минг кишига хизмат кўрсатади.
00f9fcaa-f0aa-94d1-fd39-79d83683ef20.jpg
Ўтган қисқа давр ичида бу ерда катта ҳажмдаги қурилиш ишлари амалга оширилди ва айни пайтда кенг қамровли бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.
Шу ернинг ўзида мазкур маданият ва истироҳат боғида қурилиши режалаштирилаётган “Ўн бир Аҳмад” масжиди, Наманган шаҳар канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш, Гулистон даҳасида бунёд этилиши мўлжалланган “Namangan City”, Поп туманида замонавий савдо мажмуаси ва «Pop eco park» каби лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари нафақат вилоят балки мамлакатимизда қиёси йўқ бўлиши кўзда тутилаётган мазкур мажмуани сифатли ва хавфсиз барпо этиш бўйича зарур маслаҳат ва тавсиялар берди. Мазкур маданият ва истироҳат боғига «Afsona» номини бериш кераклигини таклиф қилди.
b81b2b23-63f3-d6b9-b0f1-a87eea64bbf7.jpg

 

Умар Асроров, Акромжон Сатторов, ЎзА