Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари ўртасидаги ўзаро алоқалар мустаҳкамланиб, бу барча соҳалар ривожида ўз натижасини кўрсатмоқда. Биргина қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари товар айланмаси ўтган беш йилда 5 баробарга ошган.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Дарья Ильина бундай ютуқларни ислоҳотларга боғлар экан, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик ва савдо-сотиқ ҳар икки мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим ўрин тутаётгани ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тажриба ва технологиялар алмашинуви иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳаси самарадорлигини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

– UN Comtrade (БМТнинг товарлар савдоси статистикаси бўйича маълумотлар базаси) маълумотларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг товар айланмаси 2021 йилдагига нисбатан 2 баробарга ошган ҳолда 40,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди, – дейди фикрини давом эттириб Д.Ильина. – Умуман олганда, 5 йил давомида мамлакатлар ўртасидаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари товар айланмаси қарийб 5 баробар ошди. 2022 йилда Ўзбекистоннинг Озарбайжонга қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 35,1 миллион долларни ташкил этди.

Ўзбекистоннинг асосий қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти тамаки ва тамаки ўрнини босувчи саноат маҳсулотлари, майиз, оддий ловия, ерёнғоқ, тозаланган ёнғоқ, шоколад ва таркибида какао бўлган маҳсулотлар эди. 2022 йилда Озарбайжондан Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари импорти 5,7 миллион долларни ташкил қилди. Ўзбекистон асосан фундук, бодом ва бошқа ўсимлик ёғлари, шоколад ва таркибида какао бўлган маҳсулотлар, алкоголсиз ичимликлар, ҳайвонлар учун озуқа маҳсулотлари, беда уруғи ва бошқаларни импорт қилади.

2022 йил июлда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти қишлоқ хўжалиги вазирларининг биринчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон қишлоқ хўжалиги вазирлари қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни имзолади. “Йўл харитаси”да икки мамлакатнинг қишлоқ хўжалигини суғурталаш тизими, рақамлаштириш, мамлакат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари, ипакчилик соҳасида қўшма корхона ташкил этиш ва бошқа масалалар бўйича тажриба алмашиш ўз ифодасини топган. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини субсидиялаш ва қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш соҳасида Озарбайжон тажрибасини қўллаш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Фундук ва уруғсиз анор етиштириш, пилла, пахта етиштириш каби йўналишларда ҳам яқин ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. 2022 йилда Ўзбекистондан Озарбайжонга узум, ловия, ерёнғоқ, шунингдек, бир неча навли пахта уруғлари жўнатилди. Ўз навбатида, Озарбайжондан Ўзбекистонга фундук кўчатларини жўнатиш режалаштирилган. 2023 йил январь ойида Тошкентдан Боку аэропортига қуритилган ва сархил меваларни Халқаро автомобиль транспорти тизими орқали биринчи электрон ташув муваффақиятли амалга оширилди.  Ипак ишлаб чиқариш бўйича қўшма кластер яратиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Албатта, бундай ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда Ўзбекистон  томони янги ғоя ва лойиҳалар устида ишлаши ҳамда амалиётга татбиқ этиши мақсадга мувофиқ. Дейлик, мамлакатимиз ҳудудида анорни биргаликда чуқур қайта ишлашни, мева ва резавор меваларни биргаликда қайта ишлашни йўлга қўйиш, қўшма фундук плантацияларини яратиш, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини рақамлаштиришга озарбайжонлик мутахассисларни жалб қилиш ва фермерлар учун электрон кабинетларни шакллантириш тажрибасини ўрганиш, сувни тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича тажриба алмашиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш бу борада муҳим қадам бўлади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири