Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га 2023 йил биринчи ярмида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар қандай ҳал этилди?
Бу саволга Омбудсман ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова жавоб берди:
– 2023 йил биринчи ярмида Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 7 минг 107 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг 12 таси белгиланган тартибда аноним, деб топилди.
Такрорий мурожаатлар ўтган йилга нисбатан камайган бўлса ҳам фуқароларга телефон орқали мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилмоқда. Жойларда сайёр қабуллар ташкил этилиб, вилоят, шаҳар ва туманларда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” тадбирлари ўтказилмоқда.
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасига мувофиқ, Омбудсман ходимлари томонидан такроран келиб тушган мурожаатлар бўйича 533 далолатнома расмийлаштирилиб, мурожаатлар ўрганилди. 740 ҳолатда мурожаатларда кўтарилган муаммоларни ҳал этишга доир ҳуқуқий тушунтириш ва ёзма жавоб хатлари юборилди. 34 ҳолатда мурожаатларда янги важлар ёки янгидан очилган ҳолатлар келтирилмагани, мурожаатдаги материаллар ўрганиб чиқилгани ва мурожаат қилувчига белгиланган тартибда жавоб берилгани инобатга олиниб, ушбу мурожаатлар кўриб чиқилишининг тугатилиши тўғрисида хулосалар расмийлаштирилди ва мурожаатчиларга бу ҳақда хабар берилди.
Мурожаатларнинг 27,1 фоизи фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 28,7 фоизи ижтимоий ҳуқуқларга, 31,4 фоизи иқтисодий ҳуқуқларга, 10,8 фоизи фуқароларнинг мурожаат этиш ва 1,9 фоизи экологик ҳуқуқларга оид бўлди.
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент ва Самарқанд вилоятларига тўғри келди. Энг кам мурожаат эса Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидан келиб тушди.
Омбудсман томонидан ҳисобот даврида давлат органлари ва ташкилотлар мансабдор шахсларига 76 таъсир чораси шаклидаги ҳужжатлар киритилди. Шундан 12 таси тақдимнома ва 6 таси Вакил хулосаси ҳамда 58 та даъво ариза ва аризалардир. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробарга ошган.
Омбудсман котибияти ходимлари суд мажлисларида 80 маротабадан ортиқ кузатувчи сифатида иштирок этди.
30 нафарга яқин фуқаронинг асоссиз ишдан бўшатилгани аниқланиб, уларнинг ишга тикланишига эришилди. 6 ҳолатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги сабабли иш берувчи (раҳбар) маъмурий жавобгарликка тортилди. 11 нафар фуқарога 1,5 миллиард сўмдан ортиқ компенсация тўлови ундириб берилди.
21 ҳолатда фуқароларга жами 212,5 миллион сўмга яқин иш ҳақи, алимент ва бошқа тўловлар ундирилди. Икки ҳолатда фуқароларнинг коммунал тўловлар бўйича, 8 миллион сўмга яқин нореал қарздорлиги бартараф этилди. 4 нафар фуқарога даволаниш учун 22 миллион 620 минг сўм моддий ёрдам ажратилишида амалий кўмак кўрсатилди. 4 нафар фуқарога даволаниши учун йўлланма олиб берилди. Бир ҳолатда маҳалла фуқаролар йиғинининг тегишли тавсияномаси билан қонуний имтиёзга эга фуқаронинг олий таълим муассасасига қабул қилинишига эришилди.
“Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйида сақланаётган 40 нафар шахснинг туғилганлик факти белгиланиб, уларга ID карталар расмийлаштирилди. 4 ҳолатда ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун уларга нисбатан хизмат текширувлари тайинланди ва интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Яна 4 ҳолатда Омбудсман аралашуви билан ички ишлар органлари масъуллари томонидан қабул қилинган қарорларнинг қонунийлиги прокуратура органлари орқали текширилиб, бекор қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА