Мамлакатимизда 2018 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 2 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валютани Ўзбекистонга олиб кириш ёки Ўзбекистондан олиб чиқиб кетишда ёзма равишда мажбурий декларация тақдим этиш тартиби бекор қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон аэропортларида учиш вақтида “яшил” ва “қизил” йўлаклар жорий этилган эди.
Жорий йил 11 августда «Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 11 октябрдаги 814-сон қарорига божхона маъмурчилигини соддалаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида “масофавий божхона назорати” (махсус ажратилган жойларда визуал кузатувни амалга ошириш орқали) тизими жорий этилган.
Шу муносабат билан эндиликда халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида икки йўлакли (яшил ва қизил) тизим тугатилди.
Халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида жисмоний шахсларнинг божхона декларациясини расмийлаштириш ва уларга божхона қонунчилиги бўйича тушунтиришлар бериш учун йўловчилар ҳаракатига таъсир қилмайдиган алоҳида божхона расмийлаштируви жойи ташкил этилади.
Божхона расмийлаштируви жойи давлат тилида, рус ва инглиз тилларида “Божхона”, “Таможня” ва “Customs” ёзувлари бўлган махсус график белги билан белгиланади.
Маълумот учун, масофавий божхона назорати халқаро аэропортлар орқали учиб кетаётган йўловчиларни махсус ажратилган жойларда хавфни бошқариш тизимидан фойдаланган ҳолда танлаб олиш тамойили асосида ҳамда масофавий визуал кузатувни амалга ошириш орқали божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказишни таъминлайдиган тизимдир.
Қарор билан Ўзбекистон халқаро аэропортларининг учиб кетиш жойидаги масофавий божхона назорати тизимига қўйиладиган талаблар белгилаб олинди.
Ш.Маматуропова, ЎзА