Самарқандда ўтказилаётган Туркий дунё тиббиёт конгресси давомида мазкур тадбирда иштирок этаётган Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Туркия Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожа, Озарбайжон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Теймур Мусаев, Қирғиз Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Тилек Мамадалиев, Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Ажар Гиният ва Татаристон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Марсел Миннуллин “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов топширди. Шундан сўнг бугунги тадбирлар доирасида Ўзбекистон — Туркия тиббиёт форуми бўлди. Унда икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлари, тизим масъуллари, тиббиёт олий ўқув юртлари, етакчи даволаш-профилактика муассасалари, хусусий клиникалар, фармацевтика компаниялари раҳбарлари ва олимлар иштирок этди.
Форумда Амрилло Иноятовнинг таъкидлашича, мамлакатимизда Туркиянинг Башкент университети ректори, Жаҳон трансплантологлари жамияти президенти Меҳмет Хаберал бошчилигида илк бор кичик ёшли беморда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли бажарилди. Туркия Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқ билимлари университети ўртасида шу йил 24 июнда имзоланган шартнома доирасида Бухоро давлат тиббиёт институти негизида тиббиёт фанлари факультети ва Малакали тиббий хизматлар олий мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Яқинда Тошкент шаҳрида фаолиятини бошлайдиган Ҳамширалар академиясида “Соғлиқ билимлари” университетининг “Ҳамширалик иши” факультети очилади.
Туркия Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожа Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимининг трансформациясини қўллаб-қувватлаш, соҳада ахборот тизимларини жорий этиш, шошилинч тиббий ёрдам хизмати фаолиятини Туркия модели асосида ташкил этиш, тиббий суғурта тизимини йўлга қўйиш, соҳа кадрларини ўқитиш, малакасини ошириш, биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, қўшма инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Форум якунида икки давлат тиббиёт муассасалари, соҳага ихтисослашган олий ўқув юртлари ва уларнинг клиникалари, хусусий сектор корхоналари ва фармацевтика компаниялари ўртасида ўзаро манфаатли келишувларга эришилиб, меморандум ҳамда ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА