Хитойнинг йирик компаниялари Американинг Nvidia компаниясида ишлаб чиқарилаётган чипларни шошилинч равишда харид қила бошлади. Ҳозирданоқ АҚШ компаниясига 5 миллиард долларлик буюртма берилган, дейилади Financial Times газетаси эълон қилган хабарда. Манбаларда таъкидланишича, буларнинг барчаси АҚШ томонидан Хитойга чип экспорт қилинишига чеклов жорий қилиш эҳтимоли сабаб бўлмоқда, мазкур чиплар сунъий интеллект (СИ) технологияларда қўлланилади.
“Хитой интернет-гигантлари шошилинч равишда Nvidia компаниясининг юқори самарадор чипларини сотиб олмоқда, чиплар генератив сунъий интеллектни яратиш учун ишлатилади. АҚШ экспортни назорат қилишни кучайтиришидан хавотир олган Хитой компаниялари ҳозирданоқ Nvidia га 5 миллиард долларлик буюртма берди, дейилади нашр номи ошкор қилинмаган манбаларга таяниб берган хабарида.
Хабарда келтирилишича, Хитойнинг Baidu, ByteDance, Tencent ва Alibaba каби гигант компаниялари миллард долларга тахминан юз мингта A800 процессор харид қилиш учун шартнома тузган, процессорлар шу йилнинг ўзида етказилади. Манбада таъкидланишича, Nvidia га алоқаси бор хитойлик компаниялар график процессорларга ҳам тўрт миллиард долларлик бюртма берган, улар 2024 йилда етказилади.
Аввалроқ Wall Street Journal газетаси айрим манбаларга таяниб, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Хитойга сунъий интеллект технологияси учун зарур бўлган чиплар ва булутли хизматлар экспортига янги чеклов жорий қилиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзган эди. Таъкидлангандики, чеклов Американинг Nvidia ва Advanced Micro Devices (AMD) технология компанияси маҳсулотларига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Микропроцессорларни етказиб беришдан ташқари, чеклов рўйхатига сунъий интеллект технологиялари билан шуғулланаётган Хитой компаниялари учун булутли хизматлар экспорти ҳам киритилиши мумкин.
“Шубҳасиз, Хитой ҳукумати АҚШ маъмуриятининг янги чекловлар жорий қилиш ҳақидаги қароридан қаттиқ норози, чунки АҚШ икки мамлакат иқтисодиётини чегаралаш сиёсатини олиб бормоқда”, дейди Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси вакили РИА Новостига.
Оқ уй чоршанба куни Президент Жо Байден молия ва савдо вазирларига Хитой иқтисодиётининг қатор соҳаларига, хусусан микроэлектроника, ахборот технологиялари ва сунъий интеллектнинг айрим тизимлари билан боғлиқ компанияларига инвестицияларни назорат қилишга қаратилган фармонни имзолашини эълон қилди.
“Хитой бир неча бор хавотир билдиришига қарамай, АҚШ янги инвестициявий чекловлардан воз кечмади. Хитой томони ушбу қарордан қаттиқ норози”, – деган элчихона вакили.
АҚШ жорий қилаётган чекловлар Хитой ва АҚШ компаниялари ва инвесторлари манфаатларига “жиддий зиён” етказади, икки мамлакат ўртасида яхши ривожланиб келаётган бизнес кооперациясини қийинлаштиради ва АҚШдаги бизнес-иқлимга бўлган халқаро ишончга путур етказади, дейилади хабарда.
Хитойлик дипломатларнинг таъкидлашича, Чин мамлакати АҚШнинг миллий хавфсизликка ҳаддан зиёд устиворлик бериб, савдо, илмий ва технологик соҳаларни сиёсийлаштириш ва қуролга айлантиришига қарши.
“Биз Америка томонини Хитойнинг иқтисодий тараққиётини секинлаштиришга, Хитойни тутиб туришга бўлган уринишларни бас қилишга чақирамиз”, – дея қўшимча қилди элчихонадагилар.
С.Раҳимов,
ЎзА