Хабар берганимиздек, шу кунларда Озарбайжон пойтахти Бокуда шахмат бўйича жаҳон кубоги баҳслари бўлиб ўтмоқда. Кеча, 9 август куни нуфузли мусобақанинг 4-босқич ўйинлари илк баҳслари ўтказилди.

Жаҳон кубогининг илк босқичларида Жанубий Африка Республикаси вакили Денг Киприано Реанни, ундан кейин австриялик Маркус Раггерни, 3-босқичда жаҳон кубогини 2-босқичдан бошлаган франциялик Максим Вашье-Лагравни доғда қолдирган Жавоҳир 4-босқичда дунёнинг энг кучли шахматчиларидан бири бўлишга даъвогарлик қилаётган ҳиндистонлик Аржун Эригаисига рўбарў келадиган бўлди.

Жаҳон кубогининг 1/16 финал мусобақаси бўлган баҳсда Жавоҳир Аржунга қарши қора доналарда ҳаракатланди. Мураккаб руҳий кураш остида ўтган ўйинда ҳамюртимиз чинакамига маҳоратини намойиш этди ва ғалабага тенг дурангга эришди.

Бугун, 10 август куни ушбу босқичнинг 2-тур ўйинлари ўтказилади. Унда Синдоров оқ доналарда ҳаракатланади. Синдоров-Аржун қарама-қаршилигида ғолибликка эришган шахматчи мусобақанинг 1/8 финалида испаниялик Хайме Сантос Латас ва швециялик Нильс Гранделиус қарама-қаршилиги кучлиси билан дуч келади.

Кеча ўтказилган 4-босқич 1-тур ўйинида қора доналарда ўйнаган Нильс Гранделиус Хайме Сантос Латасни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Улар ҳам бугун сўнгги учрашувни ўтказади. Агар ҳар икки учрашувда дуранг ҳолати рўй берса, 1/8 финал иштирокчилари 11 август куни ўтадиган тай-брэк баҳсида аниқланади.

Эслатиб ўтамиз, Боку мусобақасида учта совринли ўринни эгаллаганлар 2024 йили шахмат тожи учун курашадиганлар қаторига киритилади. 24 августга қадар давом этадиган жаҳон кубогида 1-ўринни қўлга киритган шахматчи 111 минг, 2-ўрин соҳиби 80 минг, 3-ўриндан жой олган шахматчилар 50 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА