Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг 15-17 сентябрь кунлари триатлон бўйича “Сhаllеngе Sаmаrkаnd” халқаро мусобақаси ва Ўзбекистон чемпионати (спринт) ўтказилади. Шу муносабат билан бугун мусобақани ўтказиш билан боғлиқ масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов ва Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Кун иштирок этиб, мусобақанинг ташкилий ишлари бўйича белгиланган вазифалар ижросини мутасаддилар иштирокида муҳокама қилди. Йиғилишда нуфузли мусобақаларни ўтказиш бўйича тузилган тезкор штабга бириктирилган ташкилот ва муассасалар масъул ходимлари бажарилган ишлар бўйича ахборот берди.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 10-11 июнь кунлари Самарқандда “2023 Asia Triathlon Cup Samarkand” халқаро мусобақаси ва Ўзбекистон чемпионати ўтказилган эди. Йиғилишда ушбу мусобақалар давомида йўл қўйилган камчиликлар атрофлича муҳокама қилинган ҳолда келгуси мусобақаларни хато-камчиликларсиз ўтказиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Асосий эътибор, мусобақа ўтказилиши белгиланган йўналишларда хавфсизликни таъминлашга қаратилди. Йўналишда транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, асосий мусобақалар ўтказиладиган Самарқанд эшкак эшиш канали, “Ипак йўли” халқаро туризм марказида амалга ошириладиган ишлар бўйича ҳам масъулларга вазифалар белгилаб берилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА