1-Стендап

Ўйинлар дастуридаги ўқ отиш мусобақаси катталар ва ўсмирлар ўртасида турли йўналишларда бўлиб ўтмоқда. Мамлакатимиз терма жамоаси Беларусга фақат ўсмирлар билан келган: 3 нафар ўғил бола, 1 нафар қиз. Кеча спортчиларимизнинг барчаси ўз иштирокини якунлади. Ягона қизимиз Гулбону Қамбарбекова пневматик милтиқда 10 метр масофадан ўқ узиш машқида саралашдан муваффақиятли ўтди. Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Тошкент вилояти Қибрай тумани бўлими тарбияланувчиси ҳисобланган бу спортчимиз биринчи босқичда 20 нафар даъвогар орасида жами 618 балл тўплаб, 8-ўриндан финалга йўл олди. Энг кучли гуруҳда медаллар учун баҳс олиб борган Гулбону якунда 6-ўрин билан кифояланди.

Қолган 3 вакилимиз – Умидбек Камолбеков, Содиқжон Абдуллаев ва Илҳомбек Обиджонов пневматик тўппончадан нишонни кўзлаш бўйича қатнашди. Ҳаммаси бўлиб 29 нафар спортчи билан бошланган саралаш баҳсидан сўнг пойтахтлик Умидбек Камолбеков етарли балл йиға олмай, курашни тарк этди. Наманган вилоятидан терма жамоага жалб этилган Осиё чемпионати совриндори Содиқжон Абдуллаев ва етакчи мерганларимиздан бири, жаҳон кубоги совриндори Илҳомбек Обиджонов 29 спортчи орасида биринчи давра тўсиғидан муваффақиятли ўтди.

2-стендап

Вакилларимиз саралашда кетма-кет 4-5-ўринларни эгаллаган ҳолда, ҳал қилувчи босқичга чиқди. Таъкидлаш жоиз, ўзбекистонлик ўқ отувчилар энг кучли 8 нафар спортчи орасида ҳам муносиб натижа кўрсатишди. Жуда кескин ва муросасиз рабоқат сўнгида Беларусь ва Россиянинг 2 вакилидан кейин, Обиджонов тўртинчи, Абдуллаев эса 5-ўринни банд қилишди. Ўзбекистон терма жамоасининг уч нафар аъзоси етакчиларга муносиб қаршилик кўрсатиши, икки мерганимиз сўнггги сонияларгача бронза медаль учун курашгани зое кетмади.

Вакилларимиз биргаликда 3-энг юқори натижани қайд этишди. Шу тариқа Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида II МДҲ спорт ўйинлари дастуридан ўрин олган пневматик тўппончадан ўқ узиш мусобақаси бронза медалларига сазовор бўлди.

Ғайрат Хонназаров,

Ёқубжон Мелибоев (сурат, видео), ЎзА

Минск, Беларусь