Мақолада Мажид Ал-Осаими бошчилигидаги Осиё Паралимпия қўмитаси делегациясининг Тошкентга ташрифи самарали кечгани, сафар давомида Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев билан ўтказган учрашувлари ҳамда 2025 йилда Тошкентда Пара Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича келишувга эришилгани қайд этилган. Келишувга биноан, мазкур Пара Осиё ўйинларида қитъанинг 45 мамлакатидан мингга яқин спортчи ўсмирлар 11 та пара спорт турларида кураш олиб бориши белгиланди.
Осиё Паралимпия қўмитаси раҳбари Ал-Осаимий “Тошкент-2025″ Марказий Осиёда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги биринчи паралимпия ўйинлари эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида ўз фикрларини билдириб ўтган. У ўтган йиллар давомида ўзбек паралимпия ҳаракатининг ривожланиши янги босқичга чиққанини, Ўзбекистон терма жамоаси ўтган давр мобайнида турли ўйинларда эришган ижобий натижаларини юқори баҳолади.
Парижда енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистоннинг матонатли ва иродали пара спортчилари ўз тарихида биринчи марта Осиёда Хитойдан кейин иккинчи ўринни эгаллагани мамлакатда жисмоний тарбия ва спорт ҳаракати мисли кўрилмаган юксалишга эришганининг ёрқин далили экани мақолада аниқ рақамларда келтириб ўтилган.
Бундан ташқари, “WAM“ ахборот агентлиги саҳифасидаги мақолада мамлакатимиз спортчиларининг «Париж-2024″ Олимпия ўйинларига тайёргарлиги борасида илиқ фикрлар билдирилиб, Осиё Паралимпия қўмитаси “Тошкент-2025» ўйинларига тайёргарлик кўриш, ўтказиш борасида Ўзбекистон спорт ҳаракати билан ҳамкорлик қилаётганидан мамнунлигини изҳор қилган.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА