Қорақалпоғистон деганда бу ерда амалга оширилаётган ишлардан хабардор бўлмаганлар ҳаёлига дастлаб қуриган Орол денгизи, қумлик, саҳроларлар келиши мумкин. Лекин Президентимиз ташаббуси билан  қуриган денгиз тубида яшил қопламалар барпо этилаётганидан бутун дунё ҳамжамияти хабардон бўлаётир. Мўйноқ, Бўзатов ва Тахтакўпирдаги таъбир жоиз бўлса оламшумул бунёдкорлик ишлари ҳудуддаги аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини оширмоқда. Демоқчимизки,  Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга қаратаётган эътибори натижасида саҳродаги Нукус бугун яшил шаҳарга айланмоқда.

Нукус –кеча ва бугун

Йигирманчи аср охирида йирик саноат, илм-фан ва маданият маркази, дўстлик ва биродарлик шаҳри номини олган Нукус шаҳри бугун янада бетакрор қиёфа касб этиб, кўркам ва яшил шаҳарга айланиб бормоқда. Мақоламиз аввалида ушбу манзил шаҳар мақомини олиши ва дастлабки иншоотлар бунёд этилиши ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни жоиз топдик.

Маълумотларга кўра, ҳозирги Нукус шаҳри ўрнида XIX асрнинг 60-йилларида Нукус овули бўлган. 1870 йиллардан Нукусда савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, балиқчилик соҳалари ривожланди. Нукусга яқин жойда Амударёнинг сув режимини назорат қилувчи гидрологик пост қурилди ва аҳолининг кундалик турмуши учун зарур бўлган объектлар, мактаблар барпо этила бошланди. XX асрнинг бошларида Нукус овули Амударёнинг ўнг соҳилидаги энг йирик аҳоли пунктларидан бирига айланди. 1930 йил 12 ноябрда Қорақалпоғистон Мухтор Республикасининг марказини Тўрткўл шаҳридан Нукус овулига кўчириш ҳақида қарор қабул қилинди. 1932 йилдан Нукусда янги маъмурий бинолар қурилиши бошланди. 1939 йил Республика маъмурияти Нукус шаҳрига кўчиб ўтди.

Шаҳардаги дастлабки иншоотлар 1936 йилги бош режа асосида қурила бошланган. Бунда кўкаламзорлаштириш, яъни кўча бўйлари ва хиёбонларга дарахтлар экиш бўйича алоҳида режа назарда тутилмаган. Кейинчалик, 1965 йил янги бош режа бўйича (меъмор А. М. Эркабоев ва муҳандис Т. З. Зиёев) Нукус шаҳри кўкаламзорлаштирилган тўғри тўртбурчакли даҳаларга бўлинган. Мана шу режа асосида Нукус шаҳридаги кичик туманларда кўп-хонали уйлар ва ижтимоий соҳа объектлари, шаҳар атрофига саноат, ишлаб чиқариш ва бошқа объектлар қурилиб, атрофлари кўкаламзорлаштирилди.

Нукус шаҳри мамлакатимиздаги маказий шаҳарлар орасида ёш ва кўркам шаҳарлардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 11 сентябрдаги фармони асосида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси ва шаҳарнинг 70 йиллиги муносабати билан Нукус шаҳри “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.

Ҳа, шаҳарнинг 70 йиллиги нишонланган тантанали тадбирдан 20 йил ўтганини ҳисобга олсак, жорий йилда Нукус шаҳрининг ташкил топганига  90 йил тўлмоқда. Тўқсон йил тарих учун жуда қисқа давр. Лекин, ҳозир шаҳарда бир-биридан кўркам иншоотлар, ижтимоий-иқтисодий соҳа объектлари, замонавий турар-жойлар қад ростлаган. Хуллса, бу янгиланишлар шаҳарни бир неча йиллар олдинги кўриниши билан таниш бўлганларнинг ҳайратини ошириши шубҳасиз. Айниқса, меҳмонлар ва Нукусга илк бор ташриф буюрган чет эллик сайёҳлар томонидан Нукус – яшил шаҳар,- деган таърифлар айни вақтда кўпаймоқда.

 Нукусдаги қурилишлар яшил майдонларга зарар етказмоқдами?

Сўнгги йилларда мамлакатимиздаги бу каби маказий шаҳарларда кенг кўламли қурилиш ишлари амалга оширилаётгани барчамизга аён. Аммо, шу жараёнларда, яъни, замонавий иншоотлар қурилиши сабаб айрим ҳудудларда яшилликка келтирилаётган зиён кўпчиликнинг таъбини хира қилаётгани ҳам бор гап.

Лекин Нукус шаҳрида замонавий объектларнинг қурилиши яшилликка зиён келтириши эмас, аксинча яшил хиёбон ва дарахтларни кўпайишига хизмат қилаётир. Масалан, маҳаллий аҳоли “Квадрат кўл” деп атайдиган манзил олдинлари қаровсиз, ҳар хил қурилиш чиқиндилари ташланадиган жой эди. Бугунги кунга келиб, бу ерда “Истиқлол болалар дам олиш маркази”  барпо этилди. Кўл бўйида турли аттракционлар ўрнатилиши билан ҳудуднинг катта қисмида игна баргли ва манзарали дарахтлар экилиб, шаҳарликларнинг дам оладиган яшил хиёбонга айлантирилди. «Дўстлик» канали соҳилларида барпо этилган яшил майдонлардаги дарахтлар шаҳарга ўзгача чирой бағишлаш билан бирга шаҳар ҳавосининг мусаффолигини таъминлашга ҳисса қўшаётир.

Шаҳар атрофидаги йўл бўйларида “Қорақалпоқйўлкўкалам” унитар корхонаси томонидан яшил ҳудудлар ташкил қилинмоқда. Биргина жорий йилги баҳор  мавсумида Нукус шаҳар ҳудудидаги А380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 765 километридаги “Клевр” кўприги атрофига 20 минг дона шарқ туяси, давлат аҳамиятидаги “Нукус -Чимбой-Тахтакўпир” автомобиль йўли ҳудудларига мингдан ортиқ катальпа, қарағаш ва бошқа турдаги манзарали дарахт ва буталар экилди.

Эътиборлиси, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида  кўчатлар ноанъанавий усулда экилди. Улар юқоридан қараганда қорақалпоқ халқининг тарихи ва миллий нақшларини кўринишида экилган бўлиб, бугун барқ уриб ўсаётган дарахтлар кўриниши шаҳримиз меҳмонларининг диққатини тортмоқда. Йўл бўйларига ушбу услубда экилган дарахт кўчатлари «Қора уй» ва қорақалпоқ миллий нақшлари ва пальма дарахти кўринишларини акс эттиради.

Аҳолининг дастлабки шубҳаси ва кейинги натижа

Тўғри, 10 йилларча олдин ҳам Нукус шаҳрига бошқа ҳудудлардан минглаб игна баргли ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари олиб келиниб, экилган. Афсуски, ушбу кўчатларнинг жуда кам қисми ўсиб ривожланган.

  • Нукус шаҳрининг 22-кичик туманида халқ тилида “троллейбус йўли” деб номланадиган йўл бўйида олдинлари пиёдалар йўлаги ҳам йўқ эди, дейди нукуслик Азат оға Нейтуллаев. – Лекин, кейинги 5-6 йил ичида йўл бўйига дастлаб манзарали дарх кўчатлари экилаётганида тўғриси, биз уларнинг униб кетишига шубҳа қилган эдик. Аммо, эски ариқлари қайта тикланиб, оқар сув келди, кўчатлар доимий парвариш қилинди. Кўкаришига шубҳа қилган кўчатлар ҳозир 5-6 метрга чўзилиб, бир пайтлар шўр босиб ётган жойлар соя-салқин манзилга айланган. Замонавий пиёдалар йўлаклари, ўриндиқлар қурилди. Бугун куннинг қайси вақти бўлмасин, ушбу манзилда нуронийлар, ёшлар юргани, дам олиб ўтирганини кўрамиз. Уйим шу ерга яқин. Деярли ҳар куни айланаман, дарахт парваришлаётганлар билан суҳбатлашаман. Шундай суҳбатларнинг бирида ушбу кўчатлар деярли барчаси кўкариб кетганининг боисини сўрадим. Уларнинг айтишича, олдинлари бошқа вилоятларда етиштирилган манзарали дарахт кўчатлар экилган бўлса, кейинги йилларда ушбу кўчатлар Нукуснинг ўзида тайёрланаяпти. Кўчатлар тупроқ ва иқлим шароитга мос жойда етиштирилгани ва суғориш тармоқларининг тикланиши сабабли олдингига нисбатан кўп қисми ўсиб ривожланмоқда, деган эди улар. Ҳа, уларнинг гапида   жон бор. Бугун шаҳримизнинг қайси манзилига борманг яшилликни, барқ уриб ўсаётган дарахтларни кўриб кўзингиз қувонади.

Суғориш тармоқлари майдонларга “ҳаёт” бағишламоқда

  Нукус шаҳар ҳудудида 318 километрлик ирригация тармоқлари мавжуд бўлиб, улар орқали “Яшил макон” лойиҳаси доирасида экилган дарахтлар, гуллар ва яшил майдонлар суғорилади.

-Шаҳар атрофидаги майдонларни суғоришда жами 38 дона насос агрегатларидан фойдаланамиз, -дейди Нукус шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси муҳандиси Баходир Ешмуратов. – Насос агрегатлари асосан шаҳарни кесиб ўтиб турган “Дўстлик”  ва “Анасай” каналларига ўрнатилган.

Яшил майдонларини барпо қилиш, экилган дарахт кўчатларининг ўсиб ривожланишида сув таъминоти муҳим роль ўйнайди. Шу боис шаҳарнинг ирригация тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “Обод маҳалла” дастури асосида “Жеке терек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 1,9 км янгидан тармоқларни қуриш белгиланиб, ҳозирги кунда бу ишлар 80 фоизга бажарилган.Шу билан бирга “Қутлы макан” МФЙ ҳудудида янгидан 3,1 км  ирригация тармоғини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, 7 дона ҳар хил қувватдаги элетр  насос агрегатлари харид қилиниб, шаҳарнинг «Айдын жол», «Қумбыз аўыл», «Дослық гузары», «Боз аўыл», «Қос булақ», «Таслақ» маҳаллалари ҳудудидаги насос агрегатлари янгисига алмаштирилди. Шаҳардаги суғориш тармоқларининг яхшиланиши натижасида ҳудудда сув таъминоти яхшиланишига эришилди.

Нукусдаги яшиллик яратувчилари

Аҳолининг эътирофларидан сўнг биз, сўнгги йилларда ҳудуднинг ўзида ушбу манзарали дарахт кўчатлари етиштирилаётган манзилда бўлдик. Нукусдаги яшиллик яратувчилари  билан суҳбатлашдик.

– “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида биргина жорий йилнинг ўзида 75 минг дона қаламча, 68 минг дона ҳар хил баргли жами 143 минг манзарали дарах кўчатлари экилди, – дейди Нукус шаҳар Ободонлаштириш бошқармасига қарашли 2-кўчатхона агрономи Базарбай Сейтмуратов. – Ҳақиқатан ҳам Нукусни “яшил шаҳар” қилиш учун олдин ҳам жуда кўп ишлар қилинган. Лекин самарадорлик, яъни кўчатларнинг ўсиб-ривожланиши пастлигича қолаверган. Ҳозирги кунда Бошқарма кўчатхонасида айнан ушбу ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитига мос кўчатлар етиштириш мақсадада 215 гилограм турли хилдаги дарахтлар уруғдан экилди. Улардан тут, катальпа, ясен, япон сакураси, клён, игна баргли жами 323 минг дона кўчатлар жорий куз фаслида Нукус шаҳар атрофидаги яшил майдонларга экиш учун тайёрлаб қўйилган. Шу билан бирга бошқарманинг гул етиштирувчи кўчатхонасида жами 1 миллион 270 минг дона  гул кўчатлари етиштирилиб, шаҳарнинг белгиланган қисмларига экиб чиқилди.






Тўрт гектарлик мазкур кўчатхонада ҳар хил манзарали дарахт кўчатлари бўйи ва ёшига қараб, алоҳида майдонларга ўстирилмоқда. Асосий майдонда катта дарахтлар деярли йўқ. Кўчатларни бегона ўтлардан тозалаб, парваришлаётган ишчилар ҳар куни кун бўйи офтоб остида ишлайдилар. Биз, кўчатхонани видео ва фотолавҳаларга олиш, ишчилар билан суҳбатлашиш жараёнида офтоб тагида икки соат ишлашга зўрға чидадик. Шунда ишчиларни ғаройиб соябонли бош кийимлар билан таъминлангани, жуда яхши, таъбир жоиз бўлса инсонни қадрлаш учун қилинган хайрли иш, дея таърифлагимиз келди.

Ғаройиб бош кийм ғояси ва ижроси

Кўпчиликка яхши маълум, Қорақалпоғистонда ёз фасли жуда иссиқ, қиш эса,  ўта изғирин, совуқ бўлади. Ободонлаштириш бошқармаси ишчилари ҳар қандай об-ҳавода ҳам ўз ишларини бажаришлари керак. Масалан,  қишнинг қаҳратонида тунда қор ёғса, улар иш вақти 8-9 бўлишини кутиб ўтирмасдан тонг саҳардан кўчаларни қордан тозалашга чиқадилар. Ана шундай кезларда ишчиларни совуқдан ва ёзда эса жазирамадан ҳимояловчи махсус кийимлар билан таъминланиши уларнинг меҳнат қилишига қулайроқ шароит яратиш билан бирга инсонни қадрлашга қаратилган ишнинг амалдаги кўринишидир.






– Жорий ёз фасли жуда иссиқ бўлиши ҳақидаги хабарлар тарқалганидан сўнг ишчиларимизни офтобдан сақлайдиган бош кийимлар билан таъминлашни ўйлаб, бозорларни айланиб маъқулини топа олмай юргандик, – дейди Нукус шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Махсет Алиев. – Шундай кунларнинг бирида ота-онам Умра зиёратига бориб келишди. Болалигимиздан ўрганган одатим тутиб, “бозорлик”ка нима олиб келди экан, дея отамнинг сумкасини ахтара бошладим. Шунда мана шу каби соябон чиқди. Бошимга кийиб кўрдим-да бу айнан бизнинг ишчиларимизга керак нарса эканлигини англадим. Ўзимизнинг бозордан тортиб вилоятлар ва Тошкент шаҳригача изладик, топа олмадик. Кейин интернет орқали топдик. Бу Хитойда ишлаб чиқарилар экан, ишлаб чиқарувчилар билан боғланиб, оқ ранглисидан буюртма бермоқчи бўлдик. Оқ ранглини бу йил етказишни имкони йўқ экан. Ҳар хил ранглисидан буюртма асосида 800 дона олдириб, ишчиларимизга ёзнинг жазирамасидан олдин тарқатдик. Бугунгидек, жазирамада ишчиларимизни офтобдан сақламоқда. Албатта, ишчиларга салгина қулайроқ шароит яратилса иш унумдорлиги ҳам ошиши шубҳасиздир. Бунга туманлар ва бошқа идоралар раҳбарлари ҳам қизиқиш билдиришиб, ишчилар учун буртма бериш истагини билдиришмоқда.

Бугунги кун қаҳрамонлари

Биз, кўчатхонада ишчи-ходимлар билан суҳбатлашиб, жараёнларни  съёмка қилаётган пайтимиз тасодифан яқинда тайинланган Нукус шаҳар ҳокими Абатбай Данияров келиб қолди.

  • Булар бугунги кун қаҳрамонлари, – деди Абатбай Данияров кўчатхонада меҳнат қилаётган ишчиларга ишора қилиб. – Мана бугун шаҳримиз маҳалла раислари билан Мустақиллигимизнинг 32 йиллигига амалга оширадиган ишларимизни келишиб олдик. Шунда ҳар бир маҳалладан камида иккита намунали “яшил кўча”лар қилиб, уларга манзарали кўчатларни экишни белгилаб олдик. Бу ерга келишимни боиси ҳам кузда экиладиган кўчатларимиз захираси ва бугунги парвариши билан танишишдан иборат эди. Шаҳримизни обод ва яшил шаҳар қилиш йўлида барчамиз биргаликда ҳаракат қилсак, ишчиларимизга қулай шароитлар яратсак, албатта мақсадимизга етамиз, – деди шаҳар ҳокими қисқа суҳбатимиз давомида.

Дарвоқе, Нукус шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси жамоаси зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда 52 та махсус техникалар, кўчма техникалардан самарали фойдаланиб келинмоқда. Яқинда шаҳар бўйлаб бошқарманинг 24 нафар участка бошлиқларига электро-велосипедлар берилди.

Эътиборлиси, юқорида келтирилган ғаройиб бош кийим ғоясининг амалдаги ижроси, кўплаб ишчи ходимларнинг велосипед ва бошқа зарур техникалар билан таъминланиши Нукусни яшил шаҳарга айлантиришга, ишларни янада самарали олиб боришга улкан ҳисса қўшаётир.

Бир сўз билан айтганда шаҳар мақомини олганига 90 йил тўлган Нукусбугунги кунда шаҳримиз меҳмонлари ва чет эллик сайёҳлар томонидан “яшил шаҳар” дея этироф этилмоқда. Биз, бу эътирофларга сабаб бўлган омилларни ва амалдаги ишларни ўз нуқтаи назаримиз билан ифода этишга ҳаракат қилдик. Айни кунларда эса, яшллик яратувчилари бу этирофларни ҳаётий ҳақиқатга айлантириш, Нукусни янада яшил маконга айлантиришдек, улкан мақсади кўзлаб, куч ва шижоат билан меҳнат қилишмоқда.

Ғайрат Отажонов,

“Халқ сўзи”

Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист