Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси Миср ҳукумати томонидан мамлакатимизга инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратилган гепатит С га қарши “Sofosbuvir-400 mg” дори воситасининг ўн иккинчи партиясини Шарм аш-Шайхдан Тошкентга етказиб берди. 30 дона қутига юкланган 7,2 минг дона мазкур препарат Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан беморларга тақсимланади.
Мутахассислар фикрича, мазкур беғараз ёрдам давлатимиз бюджетидан 35 миллиард сўмни тежаш ҳамда бу маблағлар ҳисобидан гепатитни аниқлаш бўйича скрининг текширувлари қамровини янада ошириш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, ушбу инсонпарварлик ёрдами Президентимизнинг шу йил 20-21 февраль кунлари Мисрга расмий ташрифи давомида эришилган келишувлар доирасида амалга оширилди.
Қайд этиш жоизки, Миср гепатит В ва С вирусларига қарши курашиш борасида дунё бўйича катта муваффақиятларга эришган. Айни пайтда мамлакат аҳолиси ушбу касалликдан бутунлай фориғ бўлгани эътироф этилади.
ЎзА