Беларусь давлатида бўлиб ўтаётган II МДҲ спорт ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси учун навбатдаги медалларни юнон-рум курашчиларимиз келтиришди.

Солигорск шаҳрида ташкил этилган курашчилар баҳсининг 72 кг вазн тоифасида умидли полвонимиз Жамол Жумабоев ва 87 кггача вазндаги спортчилар орасида рўйхатдан ўтган вакилимиз Мурод Алимжонов фақат финал баҳсини бой берган ҳолда, кумуш медалларни қўлга киритишди.

130 кг вазнда қатнашган яна бир вакилимиз Темурбек Насимов эса шоҳсупанинг 3-поғонасига кўтарилди.

Оғир атлетика бўйича терма жамоамиз бугун ҳам мусобақа залини совринсиз тарк этмайди. Гроднода бўлиб ўтаётган полвонлар чиқиши одатдагидек, мухлислар эътиборида бўлди. 67 кг вазн тоифасида қатнашган ҳамюртимиз Диёрбек Рўзметов фақат мезбонлар вакили Егор Поповдан ортда қолиб, кумуш медалга сазовор бўлди.

Истеъдодли спортчимизнинг даст кўтаришдаги 130, силтаб кўтаришдаги 155 ва мос равишда иккикураш бўйича қайд этилган 285 кг натижаси 3-ўринни банд этган қирғизистонлик Ишенбек Муратбекдан оз эмас, кўп эмас, 18 кг ўзиб кетиш имконини берди.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,

ЎзА

Минск, Беларусь