Олий Мажлис Сенати кенгашининг қарорига кўра, эртага – 4 август куни Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Мажлисда қандай масалалар кўриб чиқилиши кутилмоқда?

Сенат ахборот хизматидан маълум қилишларича, ялпи мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилади. Унда бир қатор қонунлар ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Хусусан, “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”, “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 31-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 43-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”, “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунларни кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинади.

Н.Абдураимова, ЎзА