Хабар берганимиздек, Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида шахмат бўйича жаҳон кубоги баҳслари давом этмоқда.
Кеча мусобақа 1/64 финал босқич ўйинларининг илк тур баҳслари бўлиб ўтди.
Шиддатли ва ўзига хос руҳий босим остида кечган баҳсларда шахматчиларимиз муроса йўлини танлади. Оқ доналарда ҳаракатланган Нодирбек Абдусатторов туркиялик Вехап Санал билан (0,5 : 0:5) дуранг қайд этган бўлса, Жавоҳир Синдоров — Маркус Раггер (Австрия) ўртасидаги баҳсда ҳам шу ҳолат такрорланди — 0,5 : 0:5.
Учинчи шахматчимиз Нодирбек Ёқуббоев венгриялик Бенжамин Гледура билан қора доналарда куч синашди. Ҳамюртимиз учрашувни қора доналарда ўтказган бўлса-да, дурангга эришишга муваффақ бўлди.
Бугун, 3 август куни ушбу турнинг 2-босқич мусобақаларида Абдусатторов ва Синдоров баҳсларни қора доналарда ўтказса, Нодирбек Ёқуббоев оқ доналарда Бенжаминга қарши ҳаракатланади.
Эслатиб ўтамиз, битта раунд баҳслари уч кунгача давом этиши мумкин. Агар ўтган 2 кун (2 та партия) якунига кўра ғолиб аниқланмаса, 3-кунда тай-брэк ўйналади.
Т.Рўзиев,
ЎзА