Бугун 2 август. Универсиада ўйинларининг олтинчи куни бошланди. Кун давомидаги мусобақаларда юртимизнинг 16 нафар спортчиси теннис, ушу, таэквондо, енгил атлетика, қиличбозлик, спорт гимнастикаси мусобақаларида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Енгил атлетикачимиз Фарида Солиева 400 метрга югуриш баҳсларида қатнашса, қиличбозларимиздан Азиза Ҳамидова, Севара Раҳмонова, Шаҳноза Эгамбердиева, Маржона Зубайдуллоева яккалик шпага мусобақаларида, Муса Аймуратов, Шерзод Мамутов, Азизбек Даулетназаров яккалик сабля беллашувларида медаллар учун кураш олиб боради.

Гимнастикачиларимиз Равшан Камилжанов, Рустамбек Неъматов, Асадбек Азамов яккалик саралаш ва жамоавий финаллар босқичларида ўз омадларини синовдан ўтказади. Теннисчимиз Сергей Фомин 3-тур ўйинларида япониялик Рйотаро Тагучи билан рўбарў келса, ушу мусобақаларида терма жамоамиз аъзоси Азизбек Исроилов 80 килограмдаги чорак финал жангларида туркманистонлик Мейлис Рахманов билан Универсиада ўйинлари финалчиси номини аниқлайди.

Шунингдек, юртимиз таэквондо(WT)чилари Нажмиддин Қосимхожиев, Ирода Миртожиева, Феруза Содиқова ҳам Ченду-2021 медаллари учун даъвогарлик қилишади.

Ортда қолган баҳслар сарҳисобига кўра, ҳамюртларимиз 6 та кумуш, 1 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоада 20-ўринда бормоқда.

Универсиада ўйинлари 8 августга қадар давом этади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА