Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 2023 йил биринчи ярим йилликда амалга оширган ишлари юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Сўнгги йилларда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Республика буйича 12 миллион нафар болада 13 турдаги бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари миллий эмлаш календари асосида ташкил этилди ва эпидемик барқарорлик сақлаб қолинди.
Жорий йилнинг 6 ойи давомида айрим юқумли касалликларнинг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан пасайиши кузатилди. Хусусан, салмонеллез инфекцияси 18,1 фоизга, бактериал ичбуруғ 46,2 фоизга, ўткир ичак касалликлари 10,4 фоиз, вирусли гепатит В 26,9 фоизга, вирусли гепатит С 27,7 фоиз, айрим гельминтоз касалликлар: аскаридоз 26,8 фоиз, трихоцефалёз 85 фоиз, тениаринхоз 23 фоиз пасайиши қайд этилган.
Республика бўйича амалга оширилаётган профилактик ва эпидемияга қарши самарали тадбирлар натижасида ўлат, вабо, сариқ иситма, вирусли геморрагик иситмалар, парранда гриппи каби карантин ва ўта ҳавфли юқумли касалликларни республика ҳудудига четдан кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалиб кетишига йўл қўйилмади.
Шунингдек, Европа ва Жаҳон савдо ташкилотлари ва халқаро талаблардан келиб чиқиб, таълим, қурилиш, озиқ-овқат ва бошқа соҳалар бўйича 40 та санитария қоида ва меъёрлари янги таҳрирда қабул қилинди ва халқаро андозаларга мослаштирилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА