Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Швеция ташқи ишлар вазири Тобиас Билльстрём билан телефон орқали мулоқоти чоғида Швециянинг НАТОга кириши бўйича кейинги ҳаракатлар масаласини кўтарган. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.

– Икки раҳбар Швециянинг нуфузли тузилма – НАТОга кириш ташаббуси юзасидан фикр алмашди, – дейилади Туркия ТИВ манбаларида. Қайд этиш керак, Швеция ўтган йил НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган. Туркия Альянс таркибида бўлгани боис, Анқара аъзоликни ратификация қилиши учун Стокгольм бажариши керак бўлган шартларни ошкор этган.

Шундан сўнг Анқара Швециянинг ратификация қилиш ҳақидаги аризасини парламентга юбориши ваъда қилинган. Мулоқот давомида Фидан Швецияда сўз эркинлиги ниқоби остида вақти-вақти билан ўтказилаётган муқаддас китоб – Қуръонни ёқиш ҳаракатига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.

Ёдингизда бўлса, ўтган ҳафта Ироқ ҳукумати мусулмон мамлакатларни Скандинавия давлатларида Қуръон ёқиб юборилганига жавоб беришга чақирганди. Стокгольм полицияси Қуръонни ёқиш митингига рухсат бергани учун Бағдоддаги Швеция элчихонасига ҳужум уюштирилди.

Дарвоқе, Ислом ҳамкорлик ташкилоти бугун – 31 июлга Швеция ва Данияда Қуръон ёқилиши ҳолатларига бағишланган аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг навбатдан ташқари йиғилишини чақирган.