Марказий ҳарбий кенгаш раҳбари, ХХР Раиси Си Цзиньпин Ғарбий жанговар қўмондонлик ҳудудини текшириш чоғида Хитой Халқ озодлик армиясини модернизация қилиш жараёнини тезлаштириш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда “Синьхуа” агентлиги хабар қилди.

“Янги даврда кучли армия яратиш, мамлакатимиз Қуролли кучларини модернизация қилиш жараёнини жадаллаштириш ғоясини ҳаётга татбиқ этиш керак”, деган Хитой Раиси. Аниқлик киритилишича, тегишли ўзгариш “2022 йил октябрь ойидаги ХХР Коммунистик партияси қурултойи руҳига мувофиқ” амалга оширилиши лозим.

Си Цзиньпин Хитой Халқ армияси жанговар қобилиятини юксалтириш учун замонавий ҳарбий техникаларни жорий этиш зарурлигига урғу берди. Шунингдек, мамлакат қўшинлари ҳақиқий жанговар тайёргарлик ва машқлар орқали маҳоратни ошириши, аскар ва зобитлар ҳам ғоявий-сиёсий тайёргарликка алоҳида эътибор қаратиши шартлигини эслатди.