Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қора денгиз ташаббусининг келгуси тақдирини муҳокама қилиш мқсадида шу кунларда Россия Федерацияси, Туркия ва Украина билан мунтазам алоқада бўлиб турибди, деди куни кеча ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш журналистлар билан учрашувда.
Ўтган ҳафта дон бўйича келишув тўхтатилиши халқаро ҳамжамият хавотирига сабаб бўлди, чунки Украина, Россия, Туркия ва БМТ ўртасида эришилган мазкур битим Украина буғдойининг дунё бозорига чиқишини таъминлаб келаётган эди. Агар ушбу келишув амал қилмаганда дунёнинг кўплаб мамлакатларида, айниқса Африкада шундоқ ҳам кескин бўлиб турган озиқ-овқат муаммоси янада чуқурлашган бўларди.
Маълумки, Украина дунё бозорини буғдой, маккажўхори ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлайдиган етакчи мамлакатлардан ҳисобланади.
Дон келишуви тўхташи қатор мамлакатлар озиқ-овқат хавфсизлигини таҳдид остида қолдиради. Масалан, Африкада озиқ-овқат нархи аллақачон кўтарила бошлади. Зимбабве ва Руандада анчайин ачинарли ҳолат юзага келган. Озиқ-овқат қимматлашуви мамлакатда инфляция кўрсаткичини ҳам кўтариб юборди.
Россиялик экспертлар таъкидлашича, нарх тез ўсиши Лотин Амеркаси, Кариб ҳавзаси ва Саҳрои Кабирнинг жанубий қисмидаги давлатларда тезлашади. Айрим мамлакатларда озиқ-овқат нархи ўсиш суръати, ҳатто, уч хонали сондан ҳам ошган. Бу борада 2022 йил 285 фоизлик кўрсаткич билан Зимбабве етакчилик қилди. Инқироз Ливан (142,9), Аргентина (95), Туркия (76,8), Гана (59,7), Шри-Ланка (59,3), Руанда (59,2)да ҳам қайд этилди.
Дон битими 18 июлда тўхтатилди, душанба куни РФ дон келишуви давом эттирилмаслигидан Туркия, Украина ва БМТни хабардор қилди. Россия Президенти Владимир Путин таъкидлашича, битимнинг Россияга тегишли шарти бажарилмаган. Шунингдек, Путин бир неча бор Украина буғдойининг катта қисми Ғарб давлатларига кетганини айтди. Келишувдан кўзланган мақсад эса, аслида, буғдойни эҳтиёжманд мамлакатлар, хусусан, Африка минтақасига етказиш эди. Афсуски, айнан шу шарт бажарилмаган.
Озиқ-овқат ва ўғит нархи қимматлашиши Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)да ҳам жиддий хавотир туғдирмоқда. Зеро, “нарх ошиши кам даромадли хўжаликлар учун муаммо чиқаради”, дейди ХВЖ тақсимловчи директори Кристалина Георгиева.
Айни дам, дон ташаббуси тўхтатилгандан кейин, Европа Иттифоқи мамлакатлари Украинадан чиқаётган озиқ-овқат маҳсулотларини ўз ҳудуди орқали ташишни янада фаоллаштириш устида бош қотирмоқда.
Аввалроқ Еврокомиссия вакили “РИА Новости”га интервью бериб,дон битими ҳаракатдан тўхтагач, Украинага қўшни мамлакатлар билан буғдой ташиш йўналишини кўпайтириш йўлида фаол иш олиб борилаётганини маълум қилди.
– Катта миқдордаги дон маҳсулотларини ташиш учун денгиз йўлидан ташқари бирдамлик йўналиши ҳам мавжуд, – дейди Евродипломатия раҳбари Жозеп Боррель. – Денгиз йўли ёпилар экан, биз Украина буғдойини экспорт қилиш учун ўз портларимиз имкониятини кенгайтиришимиз керак. Бу Украина қўшниларидан жадал саъй-ҳаракатни талаб этади. Ушбу мамлакатлар ўз чегарасини каттароқ очиши, дон ташилишига қулайлик яратиши лозим. Бу борада кўп иш қилинди, лекин ҳали қилинадиган иш кўп.
Айрим маълумотларга кўра, Украинада ҳозир 32 миллион тонна ғалла тўсиб қўйилган.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Брюсселда Европа Иттифоқи давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилиши бошланишидан олдин, Москванинг ғалла битимидан чиқишини изоҳлар экан, “сўнгги ойларда бутун дунё учун жуда зарур бўлган 32 миллион тонна ғалла Украинада қолиб кетмоқда” деди. Бу кичкина рақам эмас. Қолаверса, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг қуйидаги, кўрфаз мамлакатлари бўйлаб сафаридан қайтгач, журналистларга айтган гаплари ҳам масала ўта жиддий эканига ишора:
– Қора денгиз ғалла ташаббуси тўхтатилиши бир қатор салбий оқибатларга олиб келади. Жумладан, жаҳон озиқ-овқат нархи кўтарилади, баъзи минтақаларда очарчилик, янги миграция тўлқинини юзага келади. Биз бундай ташвишли ҳолатнинг олдини олишда етакчилик қилишдан қайтмаймиз. Бинобарин, Ғарб давлатлари ҳам айни масалада чора кўришлари керак. Қора денгиз ғалла ташаббуси туфайли биз 33 миллион тоннадан зиёд озиқ-овқат етказиб берилишини таъминладик ва глобал пандемия ҳамда иқтисодий инқироздан кейин келиб чиққан озиқ-овқат инқирозининг олдини олдик.
С.Раҳимов, ЎзА