Сингапурда сўнгги 20 йилда илк бор аёл қатл қилинди

Аёл гиёҳванд модда тарқатишда айбланган, дейилади Гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш бўйича марказий бюро тарқатган хабарда.

Саридеви Жамани тахминан 30 грамм героин сотгани учун 2018 йил ўлим жазосига ҳукм қилинган эди.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари норозилигига қарамай, ҳукм 2023 йил 28 июлда ижро этилди.

Трампга янги айб қўйилди

Флорида штати жанубий округи катта ҳайъати АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп ишига яна бир банд қўшимча қилди. Янги айблов унинг Мар-а-Лаго дала ҳовлисида махфий қоғоз сақлагани билан боғлиқ.

Ҳужжатга “АҚШ миллий мудофааси билан боғлиқ ҳужжатларни онгли равишда ушлаб тургани учун” бўлими тиркалди. Шу тариқа айблар сони 32 тага етди. Трамп айбловни қатъиян рад этиб келмоқда.

Нигерда ҳукмрон партия қароргоҳи талон-тарож қилинди

Нигерда ҳокимият ҳарбийлар қўлига ўтгандан кейин кўчага чиққан оломон пойтахт Неамеда ҳукмрон партия қароргоҳини талон-тарож қилиб, ёқиб юборди, деб ёзмоқда “Niger Actu” нашри.

Пайшанба куни ҳарбийлар миллий телевидениеда чиқиш қилиб, Президент Муҳаммад Базум лавозимидан четлатилганини маълум қилди. Мамлакатда комендантлик соати эълон қилинди.

Экспертлар Нигердаги вазият ривожига баҳо берди

Таҳлилчилар фикрича, Нигерда ҳам ҳарбийлар Ғарбий Африканинг кўплаб мамлакатларида одат тусига кирган усулни қўллайди. Яъни, дастлаб ўтиш даври эълон қилинади, кейинроқ янги конституция қабул қилинади.

Шунингдек, экспертлар армия қайси томонда экани мавҳум бўлиб қолаётганига ҳам эътибор қаратмоқда, чунки айрим ҳарбийлар Президентни ёқлашини билдирган.

Мазкур минтақада Франциянинг нафақат ҳарбий, балки молиявий ва гуманитар таъсири ҳам сезиларли, дейишади.

АҚШ ва Италия Украинага

узоқ муддатли ҳарбий ёрдам беришга келишиб олди

Пайшанба куни АҚШ ва Италия Украинага турли ҳарбий ва бошқа ёрдамни қанча вақт талаб қилинса, шунча давом эттириши тўғрисида баёнот эълон қилди.

АҚШ Сенати келгуси йил учун мудофаа бюджетини тайёрлади

АҚШ Сенати мамлакатнинг 2024 молия йили учун тайёрланган мудофаа харажати лойиҳасини тасдиқлади. Ҳужжат 1 сентябрдан кучга киради.

880 миллиард доллар миқдоридаги мудофаа бюджети лойиҳасини юқори палатанинг 86 аъзоси маъқуллаган, 11 киши қарши овоз берган.

Ҳужжатни энди Президент Жо Байден имзолаши керак.

Греция матбуоти Родосдаги вазиятни жаҳаннамга тенглаштирмоқда

Мана бир неча кундирки, Грециянинг Родос оролида ёнғинга қарши кураш давом этяпти. Журналистлар оролдаги вазиятни жаҳаннамга таққосламоқда.

АҚШ разведкаси: Хитой Россияга ёрдам бермоқда

АҚШ миллий разведка идорасининг вакиллар палатаси разведка бўйича қўмитасида эълон қилинган ҳисоботида Хитой етказиб бераётган маҳсулотлар – навигация техникаси, ҳарбий самолёт учун эҳтиёт қисм, дрон ва радиоэлектрон кураш воситаларидан иборатлиги айтилган.

– ХХР уруш шароитида Россиянинг муҳим таянчига айланмоқда, эҳтимол Москвани муҳим технология ва иккиламчи мақсадда фойдаланиладиган техника билан таъминлаётган бўлиши ҳам мумкин, дейилган ҳужжатда.

Халқаро ҳамжамият янги инқироз даврини бошдан кечирмоқда.

Япония мудофаа вазирлиги ҳар йили эълон қиладиган  “Оқ китоб”да Халқаро майдондаги кучлар мувозанати ўзгариши ортидан иқтисодий, ҳарбий ва бошқа соҳаларда мамлакатлар ўртасида рақобат, айниқса, АҚШ ва ХХР қарама-қаршилиги кучайиши тахмин қилинган.

Ҳисоботда қуйидаги жумлалар бор:

– Дунёда халқаро савдо, мамлакатлар ўртасида иқтисодий ва маданий алоқа кенгайди, чуқурлашди. Афсуски, универсал қадриятларга, сиёсий-иқтисодий тизимга амал қилмаётган мамлакатларнинг таъсир доираси кенгаймоқда. Халқаро ҳамжамият Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг оғир давр билан юзлашиб, инқирознинг янги босқичини бошдан кечирмоқда.

С.Раҳимов, ЎзА