Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Халқаро кураш институти томонидан ўзбекистонлик кураш ҳакамлари учун ўқув-семинари ташкил этилмоқда.

Семинар очилишида миллий спортимиз курашнинг халқаро ареналардаги нуфузини янада ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, тажрибали кураш мутахассисларини тайёрлаш ҳолати, жорий йил Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинларидаги кураш мусобақаларининг ташкилий жиҳатлари, ҳакамлик маданияти борасида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, назарий машғулотлар Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида, амалий машқлар пойтахтимиздаги “Сағбон” кураш мажмуасида ташкил этилади.

Семинарда иштирок этаётган 30 нафардан зиёд ёш мутахассислар ҳакамлик қоидалари, мусобақаларни баҳолаш тизими ва тамойиллари, ҳакамлар масъулияти, роли ва вазифалари, шунингдек соҳага оид бошқа мавзулар бўйича сабоқ олишади.

Машғулотлар 2 августга қадар давом этади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА