Франция Президенти Эммануэль Макрон август ойида Жанубий Африкада бўлиб ўтадиган БРИКС саммитига киритилмаслиги керак. У аввал сиёсатини ўзгартириши лозим. Бундай фикрни Хитойнинг “Guancha” интернет портали ўқувчилари қўллаб-қувватлаб чиқишди.
“Ғарб ўзини бошқалардан устун қўйишни билади”, дейилган баёнотда. Шарҳловчилар фикрича, Ғарбнинг такаббурлигига қарши курашиш керак, Ғарб давлатлари халқаро майдондаги қилмишлари учун жавоб бериши лозим.
23 июль куни Макрон Жанубий Африка саммитига таклиф қилинмагани маълум бўлди. Мамлакат Президенти Сирил Рамафоса мезбон мамлакат – БРИКС раиси сифатида 70 давлат раҳбарига таклифнома жўнатган, рўйхатда Франция, АҚШ, Буюк Британия етакчилари йўқ.
Аввалроқ, “L’Opinion” газетаси хабарига кўра, Макрон африкалик ҳамкасбидан саммитда қатнашиш учун таклифнома юборишни сўраган. “Рамафоса бу илтимосдан ҳайратда қолиб, унга жавоб ҳам қайтармади”, дейилади мақолада.
Москва Россия ва бошқа давлатларга қарши бир томонлама санкция сиёсатига қўшилган давлатлар БРИКС ишига аралашмаслиги кераклигидан келиб чиқиб, бу давлатларни анжуманга таклиф қилмаслик истагини билдирган.
БРИКС (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка Республикаси) 22-24 август кунлари Йоханнесбург шаҳрида йиғилади.
ЎзА