Санкт-Петербургда иккинчи “Россия – Африка” саммити ва иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда. Россия Африка қитъасининг барча мамлатлари раҳбарларини саммитга таклиф қилган. 49 давлат ва минтақавий бирлашма делегацияси анжумандаги иштирокини тасдиқлади. Форумнинг биринчи кунида қарийб 20 давлат ва ҳукумат етакчиси қатнашмоқда.

Саммитда дон шартномаси асосий масалалар қаторидан ўрин олган.

Форум доирасида икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказилади.

“Россия – Африка” биринчи саммити “Тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт учун” шиори остида 2019 йил 23-24 октябрь кунлари Сочида бўлиб ўтган.

Ўшанда Африканинг 54 давлати делегацияси, жумладан 45 нафар давлат ва ҳукумат раҳбари тўпланган эди.

Аҳоли сони бўйича Евросиёдан кейин турадиган минтақа – Африкада 1,4 миллиарддан зиёд киши, дунё аҳолисининг 18 фоизи истиқомат қилади.

Экспертлар баҳосига кўра, қитъада дунё нефть захирасининг 12, олтиннинг 42, марганецнинг 12, ураннинг 19, хромнинг 48.4, титаннинг 44.6, олмоснинг 52.5 фоизи яширинган.

Ўтган аср 90-йилларида собиқ Совет Иттифоқи аксарият Африка давлатлари билан маҳсулот айирбошлаш ҳажмини оширган, миллий-озодлик ва мустамлакачиликка қарши курашда африкаликларни сиёсий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган. 1991 йилдан кейин Россия ва Африка давлатлари ўртасидаги муносабат сусайган эди.

ЎзА