Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси қарорига мувофиқ, 30 июль бутун дунёда Халқаро дўстлик куни сифатида нишонлаб келинади. Мамлакатимизда ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йил 10 февралда қабул қилинган қонунга мувофиқ, ушбу сана Халқлар дўстлиги куни этиб белгиланган. Шу боис ҳар йили мазкур байрам муносабати билан кўплаб тадбирлар, Халқлар дўстлиги фестивали ўтказилиши анъанага айланган.
27-30 июль кунлари давом этадиган навбатдаги фестиваль ҳам ранг баранг, қизиқарли дастурлар, маданий, маънавий-маърифий, илмий-амалий тадбирларни жамлаган.
Бугун – анжуманннинг илк куни Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида матбуот анжумани ташкил этилди.
Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов юртдошларимизни Халқлар дўстлиги куни билан табриклаб, кўп йиллар давомида ёнма-ён яшаган турли халқ, маданият ва дин вакилларининг дўстлик, яхши қўшничилик муносабати минтақамиз маданий ривожида муҳим омил эканини эътироф этди.
Мазкур фестивалдан кўзланган асосий мақсад миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, хорижий, жумладан, қўшни давлатлар билан ўзаро ишонч муҳитини янада яхшилаш, хориждаги ватандошларимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларининг маданияти, тили, миллий анъана ва урф-одатларини асраб-авайлашда мамлакатлар тажрибаси ва илмий салоҳиятини уйғунлаштиришдан иборат.
– Маданият ва санъат фестиваллари нафақат халқлар дўстлиги мустаҳкамланиши, балки мамлакат имижи юксалишига ҳам хизмат қилади, – дейди Тошкент шаҳри татар жамоатчилик маданий-маърифий маркази раиси Ришат Набиуллин. – Ажойиб сана муносабати билан ташкил этилаётган ушбу тадбирлар ҳам айни мақсадга хизмат қилади. Бу юртимизда барча миллат вакилларига бирдек шароит яратилганидан, ягона оиладек, бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳат яшаётганимиздан дарак беради. Байрамлар нафақат кайфиятимизни тоғдек кўтаради, балки бирдамлигимизни ҳам муҳстаҳкамлайди.
Фестиваль доирасида “Дўстлик палитраси” халқаро тасвирий санъат асарлари намойиши, “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” қардош халқлар ёзувчи ва шоирлари китоблари кўргазмаси, “Халқлар дўстлигини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг ўрни” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади.
Мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни, турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарни сақлаш ҳамда ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ ватандошларимиз “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланади. “Дўстлик” видеороликлар танлови ғолиблари эътироф этилади. Пойтахтимиздаги “Марказий парк”да байрам сайли, концерт дастури режалаштирилган.
Шу кунлари Тошкент шаҳри ва республикамизнинг барча ҳудудларидаги нуфузли томоша майдонлари, сўлим хиёбонлар ва боғларда турли байрам тадбирлари уюштирилади.
Матбуот анжуманида фестивалга доир барча саволларга жавоб қайтарилди.
Фестиваль доирасидаги барча тадбирлар uza.uz сайти орқали ёритиб борилади.
Гўзал Сатторова, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА