Ўзбекистон Республикаси Президенти “Тошкент шаҳрида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳуқуқиий экспериментни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди. Унга мувофиқ, Тошкент шаҳрида 2027 йил 1 январга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш тартиби жорий этилади.

Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимликлари ҳамда улар таркибидаги корхона ва муассасаларга тегишли мулкларнинг ҳисобини юритиш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш доирасида 2023 йил 1 октябрдан бошлаб Адлия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Кадастр агентлиги, Солиқ қўмитаси ва бошқа давлат органлари ахборот тизимларидаги муниципал мулклар тўғрисидаги маълумотлар «Рақамли Тошкент» комплекс дастурига юкланади.

2024 йил 1 январдан бошлаб муниципал мулкларнинг ҳар бирига нисбатан «Тошкент Инвест компанияси» акциядорлик жамияти таклифлари асосида Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари белгиланади ва уларнинг бажарилиши Компания томонидан мониторинг қилинади.

Тошкент шаҳрида жойлашган давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳамда кичик саноат зоналарида тадбиркорлик субъектлари томонидан тўланадиган ижара тўлови миқдорлари ҳар йили 31 декабргача Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан бозор тамойиллари асосида белгиланади. Қарорга кўра, ижара тўловларининг миқдори олдинги йил учун белгиланган минимал ижара суммасининг 1,3 бараваридан ошмаслиги лозим бўлади.

Ер участкаларини қурилиш учун тегишли рухсат бериш ва лойиҳа ҳужжатлари расмийлаштирилган ҳолда тайёр бизнес шаклида тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун аукцион савдоларига чиқариш тартиби жорий этилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб янги объектларни лойиҳалаштиришда уларнинг қаватлари сонини мазкур ҳудуднинг бош режасида (батафсил режалаштириш лойиҳасида, мастер режада ёки қуриш лойиҳасида) белгиланган параметрлардан (қаватлар сонидан) 1,5 бараваргача оширишга рухсат этиш тартибини жорий этилади.

Тошкент шаҳрида жойлашган газ, сув, иссиқлик ва электр энергияси таъминоти ҳамда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш корхоналари ва уларнинг филиаллари фаолияти бошқарув органлари билан ҳамкорликда мувофиқлаштирилади.

2024 йил 1 январга қадар коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари ахборот тизимларини «Рақамли Тошкент» комплекс дастурига интеграция қилиш орқали муаммоларни аниқлаш ва тезкор ҳал этиш тизими жорий қилинади.

 

ЎзА