Марказий банк Бошқарувининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайишига қарамасдан, нархларга талаб омиллари билан боғлиқ босимларнинг сақланиб қолаётганини инобатга олиб, йил якунига қадар инфляциянинг прогноз доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилди.

Умумий инфляция йил бошидан пасаювчи динамикани намоён этиб, июнь ойида йиллик 9 фоизни ташкил қилди. Бунда, ўтган йилги юқори база эффекти таъсирлари тугаб бориши, импорт товарлари ва тартибга солинадиган нархлар нисбатан барқарор бўлгани асосий пасайтирувчи омиллардан бўлди. Хизматларга бўлган юқори талабнинг сақланиб қолиши ҳисобига хизматлар инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилмади.

Маъмурий ва мавсумий омилларнинг нархларга таъсирисиз ҳисобланган базавий инфляция кутилганидан кўра секинроқ пасайди ва июнь ойида 11,3 фоизни ташкил этди. Натижада, базавий инфляция ва умумий инфляция ўртасидаги тафовутнинг ошиб бориши кузатилмоқда. Ўртача йиллик инфляция ҳам жорий инфляциядан юқори шаклланган.

Бу ҳолат нархлар шаклланишида фундаментал талаб омиллари таъсири сақланиб қолаётгани, истеъмол бозорларидаги талаб ва таклифнинг тўлиқ мувозанатлашмаганини кўрсатмоқда ва истеъмол саватида нархлари 10 фоиздан юқори ошган товар ва хизматлар улушининг юқорилигида ҳам намоён бўлмоқда.

Кредитлаш суръатларининг тезлашиши, бюджет харажатларини ортиб бориши, хусусан, иш ҳақи ва нафақаларнинг оширилиши иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлмоқда.

Савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар, кўчмас мулк бозорида олди-сотди битимлари сони, банклараро транзакциялар ҳамда чакана савдо айланмаси ҳажмларининг юқори суръатларда ўсиши иқтисодиётда истеъмол талабининг юқорилигини кўрсатмоқда. Импорт динамикасида ҳам юқори ўсиш суръатлари кузатилиб, бу бир томондан, ички фаолликнинг ошаётгани билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, валюта бозорида талабни оширувчи омил бўлмоқда.

Трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ўзининг фундаментал тренди доирасида ўсиб бормоқда.

Глобал иқтисодий фаоллик кутилганидан кўра тезроқ ўсишига қарамасдан унинг келгуси ривожланиш траекторияси бўйича ноаниқликлар юқорилигича қолмоқда. Жаҳон хомашё нархларида юқори эффект таъсирлари тугаб бориши билан глобал инфляцияда пасайиш кузатилмоқда, бироқ аксарият давлатларда базавий инфляция йил охиригача юқори даражада сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.

Савдо-ҳамкор давлатлардаги иқтисодий ўзгаришларнинг ички иқтисодиётга таъсири нисбатан ижобий шаклланса-да, айрим ҳамкор давлатлар миллий валюта курсларига бўлаётган босим сақланиб қолмоқда ва ушбу ҳолат, ўз навбатида, миллий иқтисодиётга маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

Жорий йилнинг I ярим йиллигида “нисбатан қатъий” пул-кредит шароитлари таъминланди. Банклараро пул бозорида фаоллик сезиларли ошиб, Uzonia ставкаси ва банклараро Репо операциялари бўйича фоиз ставкалари тўлиқ фоиз коридори доирасида асосий ставкага яқин даражада шаклланди.

Кредит ва депозит бозорларида ўртача фоиз ставкалари ўтган ойлардаги кўрсаткичларга нисбатан деярли ўзгаришларсиз шаклланмоқда.

Янгиланган прогнозларга кўра, ташқи иқтисодий шароитларга иқтисодиётнинг мослашуви давом этаётгани ва айрим ноаниқликлар сақланиб қолаётганини ҳисобга олиб 2023 йил якунлари бўйича реал ЯИМ ўсиши 5,0-6,0 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Бунда, аҳоли даромадлари ошиши, фискал рағбатлар ва хизматлар соҳасидаги фаолликнинг юқорилиги иқтисодий ўсишни асосий қўллаб-қувватловчи драйверлари бўлади. Жорий йил якуни бўйича инфляция даражаси макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида шаклланиб, 8,5-9,5 фоиз атрофида бўлиши борасидаги прогнозлар ўзгаришсиз қолдирилди.

Жаҳон хомашё нархлари барқарорлашаётган, етказиб бериш занжирлари тикланаётган ва ички иқтисодий фаоллик ортаётган даврда базавий инфляциянинг юқори даражада сақланиб қолиши иқтисодиётда нархларни оширувчи фундаментал талаб омиллари устунлигини билдириб, пул-кредит шароитларининг жорий тенденциясини узоқроқ муддат сақлашни талаб қилади.

Ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотлари импорт таъминотидаги сўнгги яхшиланиш динамикасининг давомийлиги бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Бундан ташқари, иқлим ўзгариши таъсирида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан боғлиқ харажатларни ўсиш хатарлари, юқори талаб динамикаси шароитида нархларга қўшимча босим яратиши мумкин.

Ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун пул-кредит ва фискал сиёсатларни ўзаро уйғун ҳолда олиб бориш мақсадларидан келиб чиқиб, бюджет дефицитини белгиланган параметрлар даражасидан ошмаслигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Келгуси даврларда базавий инфляция прогнози ва инфляцион кутилмаларнинг ишончли пасайиш траекториясига ўтиши, асосий ставкани пасайтириш имкониятларини янада оширади.

Марказий банк пул-кредит шароитларининг ялпи талаб, нархлар ва инфляцион кутилмаларга таъсирларини баҳолаб барча пул-кредит инструментлари инфляцияни жорий йилги прогноз коридори доирасида шаклланишини ва ўрта муддатда таргет кўрсаткичларига эришишни таъминлашга қаратилади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 14 сентябрга белгиланган.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА