Қўқон шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йиғилиш бўлиб ўтди.

Бешариқда аниқланган захиралар ҳисобига, жорий йилда 100 миллион долларлик 19 та йирик лойиҳани бошлаш ва қўшимча 10 миллиард сўм солиқ тушумини таъминлаш учун барча имкониятлар борлиги айтилди.  

Бу орқали жорий йилнинг ўзида 14 минг аҳоли доимий иш жойи, даромад манбаига эга бўлади.

Президент Фарғонада бошланган ушбу тажрибани барча ҳудудларда йўлга қўйиш учун йил якунига қадар “сафарбарлик” эълон қилди.

Ҳар бир туман учун йил якунигача камида 100 миллион доллардан инвестиция жалб қилиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Хусусий лойиҳа ташкилотларини олиб келиб, Фарғонадаги барча туманларнинг мастер-режаларини ишлаб чиқиш, ерларнинг бозор қийматини аниқлаб, тадбиркорларга таклиф қилиш вазифаси қўйилди.

Минимал истеъмол харажатлари миқдори 500 минг сўмдан 570 минг сўмга оширилгани сабабли Фарғонада яна 9 минг оила камбағал тоифасига қўшилди. Шу боис мутасаддиларга ушбу оилаларнинг ҳар бирига ҳоким ёрдамчиларини бириктириб, уларнинг даромадини ошириш чораларини кўриш топширилди.

Фарғонада аҳолига деҳқончилик учун аукционга чиқарилиб, талабгор аниқланмаган 1 минг 157 гектар экин ерларини аҳоли учун қулай ҳудудларга алмаштириш, бу ерларда камида 15 минг иш ўрни яратишга кўрсатма берилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари вилоятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш масаласига алоҳида тўхталиб, бу борадаги ишлар аҳволи қониқарсизлигини танқид қилди. Фаолиятида йўл қўйган камчиликлар учун Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи М.Жўраев лавозимидан озод этилди.

Йиғилиш якунида ҳудуд ва соҳалар раҳбарларининг ҳисоботи тингланди.

ЎзА