Қўқон шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Президент топшириғига кўра, вилоятнинг ишга солинмаган имкониятларини аниқлаш ва уларни рўёбга чиқариш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарга республикадан масъуллар бириктирилди.  

Улар томонидан 2 миллиард долларлик қўшимча захиралар аниқланди ва тадбиркорлар билан учрашиб, аниқ лойиҳалар шакллантирилди.

–Агар ҳокимлар вақт ажратиб, тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг дардига қулоқ солса, ташаббусларини тингласа, вилоятдаги туманларнинг барчаси йил якунига қадар бемалол камида 100 миллион доллардан инвестиция жалб қилиши мумкин, – деди давлатимиз раҳбари.

Давлатимиз раҳбари Қува ва Бешариқ туманлари мисолида ушбу имкониятларни кўрсатиб ўтди.

Жумладан, Қува туманида яроқсиз ҳолга келиб қолган “Қува-2” насос станциясини хусусий шериклик асосида тадбиркорларга бериш ва 9 миллиард сўм инвестиция эвазига замонавий ускуналар ўрнатиб, электр харажатларини ойига 2,5 миллиард сўмдан 360 миллион сўмга, яъни 7 баробарга қисқартириш мумкин.

Бундан ташқари, “Каркидон” сув омбори атрофида ҳар йили 100 минг нафар сайёҳ учун хизмат қиладиган замонавий туризм зонасини ташкил қилиш мумкин.

ЎзА