Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Белгиланган қонунчиликка кўра, келгусида экология ва атроф-муҳит соҳасидаги қонунбузарликларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилади.  Хусусан, экология ва атроф-муҳитга зарар етказиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига киритилади.

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига қўйилган мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори 5 бараварга, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонларнинг ноқонуний овланиши оқибатида ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга ҳамда ўсимликларни ўсишдан тўхташ даражасигача шикастлантириш ёки йўқ қилиш билан уларга етказилган зарар учун ундириш суммалари 5 бараварга оширилади.

Шунингдек, саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш, шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойларга ташлаш ҳамда суюқ маиший чиқиндиларни тўкканлик учун маъмурий жарималар миқдорини 10 бараварга ошириш кўзда тутилган.

Қайд этилишича, 2024 йил 1 мартдан бошлаб экологик тоза ҳудуд режими жорий қилинган ҳудудлардаги фуқаролар йиғинларига “экомаҳалла”, “экоқишлоқ” ва “экоовул” мақоми берилади. Бунда, фуқаролар йиғинига тегишли ҳудудда электр энергияси қуёш батареяларига алмаштирилади, йўналишли электробус ҳаракатланиши йўлга қўйилади.

“Яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари” ташкил этилади, савдо шохобчаларида пластик пакетлар савдоси тақиқланади, маиший чиқиндиларни саралаш, шунингдек, қайта ишланадиган чиқиндиларни қабул қилиш учун фондоматлар ўрнатилади.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА