Аномал иссиқ фонида Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли 2022 йилнинг ёз ҳамда 2023 йилнинг июнь ойидаги рекорд кўрсаткичларни янгилади.

Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг хабар қилишича, 2023 йил 26 июлда республика бўйича электр энергияси истеъмоли 250,7 миллион киловатт соатни ташкил этди. 2022 йилнинг худди шу кунида жами 236,9 миллион киловатт соат электр энергияси ишлатилган бўлиб, кечаги кўрсаткич аввалги йилдагидан 5,8 фоиз ортиқ бўлди.

Бундан олдин 2023 йил 12 июль куни республика бўйича жами истеъмол 247,5 миллион киловатт соатни ташкил этиб, рекорд кўрсаткич янгиланган эди.

Шу билан бирга, 26 июль куни электр энергияси истеъмолининг соатлик талаби қарийб 12 300 МВтни ташкил қилди. Бу 2022 йилнинг шу кундаги ҳолатига нисбатан 1 500 МВт (+14,1 фоиз) кўпдир.

Маълумот учун, 2022 йилда максимал электр энергияси истеъмоли 27 июлда қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич 239 миллион киловатт соатни, кундузги истеъмол қуввати 10 800 МВтни ташкил қилган.

Энергетика тизимидаги электр станциялари томонидан кунлик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 243,9 миллион киловатт соатни ташкил этди. Бу 2022 йилнинг шу кунги ҳолатига нисбатан 21,5 миллион киловатт соатга (9,6 фоиз) кўпдир.

Эслатиб ўтамиз, юртимизда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво электр узатиш тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти 25 фоизгача пасайишига олиб келади. Бу, биринчи навбатда, тармоқларнинг физик хусусиятларига боғлиқ бўлиб, бундай ҳолларда зарур чора сифатида тармоқда мажбурий чеклов киритилмаса, йирик ҳажмдаги аварияларга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.

Истеъмолчилардан тармоқда кенг кўламли носозликлар юзага келишининг олдини оладиган, анча узоқ вақт тузатишни талаб қиладиган ҳолгача етиб бормаслик учун қисқа муддатга электр энергиясини узиб туришга тўғри келадиган бундай зарурий чоралар бугун ўта муҳим эканлигини тўғри тушунишларини ва қўллаб-қувватлашларини сўраймиз.

Қатъий тежамкорликка амал қилиб, зарурат бўлмаган ҳолларда электр асбобларидан фойдаланмаслик орқали ҳам барчамиз тизимда юкламанинг ортишини, авариялар ва узилишларнинг кўплаб содир бўлишини олдини олишга катта ҳисса қўшамиз, дейилади вазирлик хабарида.

 

Н.Зиёдуллаева тайёрлади.

ЎзА