Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошидаги Ҳуқуқий журналистика кенгаши томонидан Адлия вазирлигида “Янгиланган Конституция ва қонунларимиз — журналист ҳақ-ҳуқуқларининг кафолати” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбирда Ҳуқуқий журналистика кенгаши аъзолари, Адлия вазирлиги масъул ходимлари, ҳуқуқшунослар, оммавий ахборот воситаларида ҳуқуқий мавзуни ёритишга ихтисослашган журналист ва блогерлар қатнашди.

Уюшма қошидаги Ҳуқуқий журналистика кенгаши раиси Сирожиддин Раупов олиб борган давра суҳбатида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов медиа соҳа вакилларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш долзарб масала экани, янгиланган Конституциямиз ҳақида, соҳага оид қонунчилик такомиллашиб бораётгани, Ўзбекистон журналистларининг касб этика кодекси мазмун-моҳияти, ОАВ вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида сўз юритди.

Давра суҳбатида Адлия вазирлиги масъул ходимлари, турли оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳуқуқий мавзунинг ёритилиши, ҳуқуқий журналистика кенгаши фаолиятини жонлантириш, журналист ва блогерлар иш жараёнида дуч келаётган муаммолар, соҳа вакилларининг  ҳамжиҳатлиги,  уюшма фаолиятида эътибор қаратилиши зарур бўлган масалалар хусусида ўз танқидий фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди.

Тадбирда ҳуқуқий мавзуни ёритишга ихтисослашган, соҳага энди кириб келаётган журналистларнинг билим ва малакасини оширишга кўмаклашиш, ўқув курслари ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан Адлия вазирлиги ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.

Йиғилиш якунида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

 

ЎзА