Маълумки, чет тилидан B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентларга олий таълим муассасаларига киришда чет тили фанидан имтиҳонларсиз максимал балл берилади. Ундан пастроқ сертификатлар, масалан, B1 сертификати қабул қилинмайди.
Аслида қандай сертификатлар талаб этилади?
Мазкур саволга Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бошқарма бошлиғи Абдуваҳоб Ҳайитов жавоб берди.
Қайд этилишича, инглиз тили учун IELTS 5,5, Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT 72), Cambridge Assessment English FCE, Cambridge Assessment English Linguaskill халқаро имтиҳон тизимлари ёки миллий имтиҳон тизими сертификатлари бўлса, B2 даража;
япон тили учун — миллий сертификат ёки Japanese Language Proficiency Test (JLPT № 2) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
немис тили учун — миллий сертификат ёки Goethe-Zertifikat, Deutsches Sprachdiplom (DSD), Test Deutsch als Fremdsprache (Test DAF) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
француз тили учун — миллий сертификат ёки Diplôme d’Etudes en Langue Française (DELF), Test de Connaissance du Française (TCF4) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
бошқа тиллар учун — миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори сертификатлар талаб этилади.
Шунингдек, мутахассиснинг маълум қилишича, абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтиш вақтида мазкур сертификат маълумотлари тизимга киритилади ва уларнинг сертификатлари мутахассислар томонидан текширилади. Жорий йилги абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш жараёнида абитуриентлар томонидан 30 мингга яқин чет тили сертификати тизимга юкланди.
Уларнинг 28 минг 13 таси тасдиқланди. 1 минг 783 нафар абитуриентнинг сертификати ўз тасдиғини топмади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА