Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан “Uzbekistan Airports” АЖга тегишли “Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти” МЧЖ ҳудудидаги автотураргоҳлар учун тўловлар миқдори оширилгани, шунингдек, аэропорт ҳудудида фақат ягона такси хизмати йўлга қўйилиши натижасида бошқа тадбиркорлик субъектлари киришига сунъий тўсиқлар қўйилганидан норозиликлар билдирилган ва бу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Қўмита томонидан тадбиркорлик субъектлари ва истеъмолчилар манфаатларини кўзлаб, қолаверса, соҳада рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида тегишли ишлар амалга оширилди.
Ўрганишларда аниқланишича, “Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти” МЧЖ йўловчилар келиш терминали ёнидаги махсус йўлнинг биринчи қаторига фақат битта тадбиркорлик субъектига тегишли автомобилларнинг киришига шарт-шароит яратиб берилгани, ушбу субъектдан тўловлар ундирилмаётгани, унга ташиш учун қатъий белгиланган тариф қўлланилиши ва ҳар қандай нархлар ўзгаришлари келишилиши белгиланган.
Шунингдек, “техник топшириқ” шартлари талабига мос келувчи лицензияга эга бўлган такси хизматини кўрсатувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг автомобилларини ушбу ҳудудга киритмаётгани ҳамда аэропорт ҳудудига яқин жойлардаги автотураргоҳлар учун тўлов миқдорининг оширилиши орқали ушбу соҳада рақобатнинг чекланиши ҳолати содир этилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонуни 16-моддаси бешинчи хатбошисида табиий монополия субъектларига табиий монополия соҳасига киритилмаган товарлар (ишлар, хизматлар) бозоридаги рақобатни чеклаш учун табиий монополия ҳолатидан фойдаланиш ман этилган. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни 11-моддаси учинчи қисмида юридик ва жисмоний шахсларнинг хўжалик юритувчи субъектлар иқтисодий фаолиятини мувофиқлаштириши, агар бундай мувофиқлаштириш ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган оқибатларга олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлса, тақиқланиши белгилангани қоидаларига нисбатан ноқонуний ҳаракат ҳисобланади.
Юқоридаги ҳолат бўйича Рақобат қўмитаси 2022 йил 23 декабрда “Uzbekistan Airports” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонуни 16-моддаси бешинчи хатбошиси ҳамда “Рақобат тўғрисида”ги қонуни 11-моддаси учинчи қисми талаблари бузилган деб қарор қилган ва “Uzbekistan Airports” АЖга мажбурий кўрсатмалар берилган.
Қўмита қарори асосида “Uzbekistan Airports” АЖга қуйидаги мазмундаги мажбурий кўрсатмалар берилган:
– тегишли талабларга мос келувчи ва белгиланган тартибда лицензияга эга бўлган такси хизматини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар автомобилларининг киритилишига тенг шарт-шароит яратиб берилишини таъминлаш;
– йўловчилар ва багаж ташувчи такси хизматини ташкил этиш учун “техник топшириқ”дан, унга тегишли жойни ижарага бериш шартномасидан йўловчиларни ташиш учун қатъий белгиланган тарифлар қўлланилиши ҳамда тарифлардаги ҳар қандай ўзгаришлар “Uzbekistan Airports” АЖ билан келишилган ҳолда амалга оширилиши бандларини чиқариб ташлаш;
– йўловчилар келиш терминали ёнидаги махсус йўлнинг биринчи қаторида такси хизматини кўрсатувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектлар мавжудлиги тўғрисида истеъмолчиларни хабардор қилинишини таъминлаш;
– аэропорт ҳудудига яқин жойлардаги автотураргоҳлар учун тўлов миқдорини қайта кўриб чиқиши шулар жумласидандир.
Шу ўринда, “Uzbekistan Airports” АЖ Қўмитанинг қарор ва кўрсатмасидан норози бўлиб, Тошкент туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган.
Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2023 йил 28 мартдаги ҳал қилув қарори билан “Uzbekistan Airports” АЖ шикояти рад этилиб, Қўмитанинг қарор ва кўрсатмаси ўз кучида қолдирилган.
Шунингдек, мазкур иш “Uzbekistan Airports” АЖнинг апелляция шикояти асосида Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанцияси томонидан ҳам кўриб чиқилиб, 2023 йил 12 июнда апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилди.
«Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимизки, Рақобат қўмитаси барча инстанцияси судларида соҳада рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан курашишга доимо тайёр», – дейилади Рақобат қўмитаси хабарида.
ЎзА