Яқинда “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ўтказилган стипендия танлови якунлари сарҳисоб қилинди. Танлов натижаларига кўра 154 нафар иқтидорли ва истиқболли ёшлар стипендия соҳиблари бўлди.

Стипендиатлар Олий Мажлис Сенатига ташриф буюриб, тизим фаолияти, унинг таркиби, сенаторлар, қонунчиликда бўлаётган ўзгаришлар билан яқиндан танишди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева ёшлар билан учрашувда танлов ғолибларини самимий қутлади. Давлатимиз раҳбари бошчилигида профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларни шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этиш борасида барча шарт-шароитлар яратилаётганига алоҳида тўхталди.

Қайд этилганидек, ёшларнинг хорижда гранд асосида таҳсил олишини қўллаб-қувватлаш ўзининг юксак натижаларини бермоқда.

Ҳозирги кунда 500 нафарга яқин стипендиат жамғарма маблағлари ҳисобидан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Япония, Испания, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг энг нуфузли таълим ва тадқиқот, инновация ва амалиёт масканларида таълим олмоқда.

Бу кўрсаткичларнинг барчаси Ўзбекистонда интеллектуал ривожланган ёшлар шаклланаётганидан далолат беради.

Мулоқот давомида стипендиатлар Сенат Раисига турли мавзуларда таклифлар бериб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Хусусан, ёшлар томонидан киберхавфсизлик соҳасига оид қонунларни такомиллаштириш, аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича янги платформаларни яратиш каби қатор таклифлар илгари сурилди.

Н.Абдураимова, ЎзА