Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар ва келгуси ярим йилликдаги режаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов қўмита томонидан амалга оширилган ишлар, спорт соҳасида эришилган ютуқлар ва олдиндаги йирик мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.
Жумладан, Президентимизнинг 2021 йил 5 ноябрдаги «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган ХХХIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги карорига асосан, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, спорт федерациялари (уюшмалари), масъул вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.
Сўнгги олти ой давомида Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш борасида яратиб берилган янги тизим асосида Миллий олимпия қўмитасининг буйруғи ва чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда устувор вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, ҳар бир Олимпия спорт турлари бўйича мамлакатимиз терма жамоа спортчиларини Ханчжоу – 2022 Осиё ўйинлари ва Париж – 2024 Олимпия ўйинларига тайёрлаш стратегияси ишлаб чиқилди.
Қўмита томонидан ишлаб чиқилган режа ва вазифаларга биноан хорижий давлатларнинг тажрибасидан унумли фойдаланиш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида 21 та спорт тури бўйича 16 та давлатдан 38 нафар малакали тренер-мутахассислар таклиф этилди.
Бўлажак Осиё ва Олимпия ўйинларига тайёргарлик доирасида 2023 йилнинг I ярмида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан Олимпия спорт турлари бўйича федерация (ассоциация)ларнинг иш-режаларига асосан узлуксиз ўқув-машғулот йиғинлари ва халқаро мусобақалардаги иштироки таъминланди. Жумладан, ўтган I ярим йилликда режага мувофиқ Осиё ва Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган 25 та Олимпия спорт турлари бўйича миллий терма жамоа аъзолари 116 та маҳаллий ва 51 та халқаро ўқув-машғулот йиғинлари, 103 та халқаро турнир ва мусобақаларда қатнашди. Мазкур нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этган спортчилар жами 196 та (68 та олтин, 57 та кумуш ва 71 та бронза) медалларни қўлга киритди.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, турли спорт турлари бўйича терма жамоа спортчилари ушбу давр мобайнида энг нуфузли ҳисобланган мусобақаларда шоҳсупага кўтарилди. Аниқроқ айтадиган бўлса, аёллар бокси бўйича Ҳиндистонда ўтган жаҳон чемпионатида Навбаҳор Ҳамидова бронза медалини қўлга киритди. Шунингдек, таэквондо WT бўйича Озарбайжонда ўтказилган дунё биринчилигида 1 та кумуш ва 3 та бронза, ушбу спорт тури бўйича Римда ўтган Гран-прида терма жамоаси 1 тадан олтин ва кумуш медалга эга чиқиб, 8 йиллик тарихий натижани қўлга киритди, дзюдо бўйича Доҳа шаҳрида ўтказилган дунё чемпионатида 2 тадан кумуш ва бронза медалларини мисол тариқасида келтириш мумкин.
Бундан ташкари, Ўзбекистонда бир қатор нуфузли халқаро спорт тадбирлари, семинар-тренинглар ва ўқув курслари юқори савияда ўтказилди. Жумладан, март ойида мамлакатимизда ўтган футбол бўйича U-20 ёш тоифасида Осиё чемпионатида иштирок этган терма жамоамиз барча рақибларини мағлуб этиб, илк бор ушбу ёш тоифасида чемпионга айланди.
Пойтахтимизда 2-9 март кунлари 30 давлатдан ташриф буюрган 800 нафар спортчилар иштирокида ўтган қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионатида Миллий терма жамоа аъзолари жами 12 та (7 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза) медални қўлга киритди. Шу кунлари Тошкентда дзюдо бўйича катталар ўртасида «Катта дубулға» халқаро турнири ташкил этилиб, унда 49 та давлатдан 364 нафар спортчилар иштирок этди ва мусобақада полвонларимиз 7 та (3 та олтин, 1та кумуш ва 3та бронза) медалга сазовор бўлди.
Мамлакатимизда нафақат пойтахтимиз балки турли вилоятларда ҳам йирик спорт мусобақалари бўлиб ўтди. Улардан бири Наманганда велотрек бўйича халқаро мусобақа ташкил этилиб, унда 10 та давлатдан 120 нафар спортчилар қатнашди. Терма жамоамиз турнирда жами 36 та (12 та олтин, 14 та кумуш ва 10 та бронза) медални қўлга киритди.
Апрель ойида Тошкентда бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги ўтказилиб, 31 давлатдан 105 нафар спортчилар ўртасида умидли гимнастикачиларимиз яккалик ва жамоавий дастурларда кумуш ва бронза медалларига эга чиқди. Шунингдек, 26-30 апрель кунлари байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича U-18 ва U-23 Осиё чемпионати ташкил этилиб, унда 40 та давлатдан 400 нафар спортчилар иштирок этди. Ушбу Осиё чемпионатида терма жамоамиз жами 63 та (30 та олтин, 19 та кумуш ва 14 та бронза) медалга сазовор бўлди. Апрель сўнгида пойтахтимиз енгил атлетика бўйича U-18 Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Чемпионатда 40 та давлатдан 524 нафар спортчилар иштирок этди. Атлетларимиз, кескин ва муросасиз ўтган баҳсларда жами 12 та (3 тадан олтин ҳамда кумуш ва 6 та бронза) медалларни қўлга киритди.
Май ойида Тошкент шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати ташкил этилиб, 107 мамлакатнинг 600 нафар боксчилари иштирокида жанглар ўтказилди. Дунё биринчилигида енгилмас боксчиларимиз 5 олтин, 2 тадан кумуш ва бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Тошкент вилоятида велошоссе йўналишида ўтган халқаро турнирда 7 давлатдан келган 100 нафар велопойгачи ўзаро рақобатлашди ва спортчиларимиз 4 олтин ва бронза ҳамда 3 кумуш медалга эга чиқди. Ўтган ойда Самарқанд шаҳрида триатлон бўйича Осиё кубоги ўтказилиб, унда 20 та давлатдан 34 нафар спортчилар иштирок этди. Ушбу мусобақада термамиз 1та бронза медалини келтирди.
Ўтган давр мобайнида Халқаро спорт ташкилотлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида, бир қатор хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро спорт ташкилотлари вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Улар Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти томонидан муносиб кутиб олинди.
Шунингдек, спортчиларимизни саломатликларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилди. Спорт тиббиёти йўналишида Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (Тиббиёт маркази) томонидан хорижий давлатларнинг тажрибаларидан келиб чиқиб, спортчиларни даволаш бўйича ҳар бир спорт тури учун алоҳида клиник протоколлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Тиббиёт марказида сўнгги олти ой давомида 540 нафар спортчилар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Ҳа, ўтган олти ой спорт соҳасида кўплаб, юксак натижаларга бой ўтди. Катта ғалабалар олдинда турган мусобақаларга муҳим пойдевор бўлиши шубҳасиз. Бироқ юқори натижалардан руҳланиб олдиндаги мусобақаларга тайёргарликни сусайтириш ҳеч қандай манфаат олиб келмайди. Шу боисдан Миллий олимпия қўмитаси олдинда турган мусобақаларга тайёргарлик кўриш борасида муҳим вазифалар ишлаб чиқди ва уни босқичма-босқич амалга оширмоқда.
Жумладан, келгуси олти ой давомида спортчиларимиз бир қатор муҳим спорт тадбирларида иштирок этади. Ўзбекистон делегацияси учун илк муҳим мусобақа 28 июль – 8 август кунлари Хитойнинг Чэнду шаҳрида XXXI ёзги Универсиада ўйинлари бўлади ва унда 7 спорт тури бўйича 70дан ортиқ спортчиларимиз медаллар учун куч синашади. Шунингдек, спортчиларимиз 4-14 август Беларусь мамлакатида II МДҲ ўйинлари, 23 сентябрь – 8 октябрь – Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида XIX ёзги Осиё ўйинларида иштирок этади.
– Ҳа, бу йилги энг муҳим мусобақалар юқорида санаб ўтилган спорт тадбирларидир. Улар орасида асосий мусобақа бу шубҳасиз Осиё ўйинларидир, – дейди МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов. – Шу боис ҳам спортчиларни юзага келиши мумкин бўлган жароҳатлардан сақлаш, уларнинг юқори спорт формасини Осиё ўйинларига тайёрлаб бориш мақсадида Универсиада ўйинларига унга асосий таркиб вакиллари жалб этилмади. Шунингдек, II МДҲ ўйинларида ҳам барча давлатлар ёш атлетлар билан ташриф буюради. Бу мусобақалар ёш спортчиларимизнинг имкониятларини кўздан кечириш учун айни муддао. Делегациямиз Беларусь шаҳарларида ўтадиган ўйинларда 22 та спорт тури бўйича 300 нафардан ортиқ атлет билан қатнашиши кўзда тутилган.
Анжуман сўнгида Миллий олимпия қўмитаси вакиллари 2023 йилдаги асосий мусобақа бу Ханчжоу – 2022 Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 33 та спорт турида 400 нафардан зиёд спортчи билан қатнашиши режалаштирилгани, мусобақада бир қатор спорт турларида Париж – 2024 Олимпиадаси йўлланмалари, рейтинг очколари ўйналиши боис унга бўлган аҳамият янада ортиши ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси ўз тарихида биринчи бор бундай катта таркиб билан Осиё ўйинларига бориши 400 нафар спортчидан ташқари 200 нафарга яқин мураббийлар, шифокорлар, ОАВ ходимлари ва мутахассисларни олиб кетиши ҳақида алоҳида қайд этди.
Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА мухбири