Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нин собиқ раҳбари Цинь Ганнинг ишдан бўшатилиши сабаби ва тафсилотини айтишдан бош тортди. У айни мавзудаги саволга “Синьхуа” агентлигининг аввал эълон қилинган хабарларига эътибор қаратишингиз керак”, дея жавоб қайтарган.

“Синьхуа”га ҳеч нима қўшимча қилолмайман”, деган дипломат.

Ғарб журналисти ўша хабарда тўлиқ маълумот келтирилмаганини айтиб, масалага аниқлик киритишни сўраганда “Менда бошқа маълумот йўқ”, деган жавоб бўлади матбуот котибидан.

Охирги бир ой давомида Цинь Ган омма олдида кўринмади. Дипломат ўтган йил декабрь ойи охиридан бошлаб мамлакат ташқи сиёсат идорасини бошқариб келаётган эди. Кеча Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши (парламент) Доимий фаолият кўрсатувчи қўмитаси қарори билан у эгаллаб турган лавозимидан олинган. Шу куни ТИВнинг веб-саҳифаси ва “WeChat” ижтимоий тармоғидаги саҳифасидан Цинь Ган номи қайд этилган барча ахборотлар олиб ташланган. Кечанинг ўзида 2013-2022 йиллар давомида вазирликни бошқарган Ван И мазкур лавозимга қайта қўйилди.

ЎзА