НАСА маълумотига кўра, сайёрамиз ёнидан ўтган астероидгача бўлган масофаси Ер ва Ой оралиғининг, тахминан, тўртдан бирига тенг, деб ёзди “Live Science” нашри.

Объектга “2023 NT1” номи берилди. Кенглиги 60 метрдан иборат улкан тош 13 июль куни курраи замин атрофида соатига 86 минг километр тезлик билан ҳаракатланган.

Фазо жисми Қуёш томондан келгани учун офтоб нури объект телескопда акс этишини қийинлаштирган. Шу боис коинотшунослар шундай баҳайбат астероидни 15 июлгача пайқамаган.

Олимлар таъкидлашича, “2023 NT1” каби жисмлар Ерга хавф солмайди. Яқинда якунланган тадқиқот шуни кўрсатдики, сайёрамиз камида келгуси минг йил давомида учар астероидлардан ҳимояланган. Мутахассислар ён-атрофда ҳаракатдаги 31 мингдан зиёд астероидни мунтазам кузатиб туради. Улар ушбу осмон жисмлари қай даражада хавфли эканидан етарлича хабардор, дейилади хабарда.

ЎзА