Шу ҳафта Сингапурда гиёҳванд модда тарқатишда айбланган аёл осиб ўлдирилади.
Бундай воқеа мамлакатда 20 йил ичида биринчи марта содир этилмоқда, дея хабар тарқатди “CNA” портали.
Нашр тарқатган маълумотда айтилишича, маҳбус Саридеви Жамани жума куни дор ёнига олиб борилади. Унга 2018 йил, тахминан, 30 грамм героин сотгани учун ўлим жазоси берилган.
Ҳукм ижро этилса, Саридеви мамлакатда 2004 йилдан буён қатл этилган биринчи аёл жиноятчи бўлади. Ўшанда 36 ёшли сартарош Йен Мей Воен ноқонуний гиёҳванд модда савдоси билан шуғуллангани учун осиб ўлдирилган.
Бу маълумотни инсон ҳуқуқлари бўйича маҳаллий “Transformative Justice Collective” (TJC) ташкилоти фаоли Кокила Аннамалай тарқатган.
Аниқлик киритилишича, чоршанба куни яна бир жиноятчи, 50 грамм героин сотган эркак ҳам қатл этилиши керак.
“TJC” баёнот беришича, иккала жиноятчи ҳам сингапурлик, уларнинг оила аъзолари ҳукм ижроси кунидан хабардор қилинган.
Сингапурда айрим жиноятлар, масалан, қотиллик ва одам ўғирлаш учун ўлим белгиланган. Жумладан, гиёҳванд моддалар савдоси учун ҳам энг оғир жазо кўзда тутилган. Яъни, 500 граммдан зиёд каннабис ёки 15 граммдан кўп героин сотишда иштирок этган жиноятчи ўлим жазосига ҳукм қилинади.
Ҳукумат COVID-19 пандемияси сабаб эълон қилинган икки йиллик танаффусдан кейин яна ўлим жазосини тиклади. Шундан буён 13 киши осиб ўлдирилган.