Тожикистоннинг Сўғд вилоятида таниқли сўз устаси, Тожикистон ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳожибой Тожибоевнинг хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Жаббор Расулов тумани Гулхона қишлоғида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистондан ҳам бир гуруҳ санъаткорлар, журналистлар иштирок этди.

Тадбирдан олдин Ҳожибой Тожибоевнинг яқинлари, мухлислари ва ўзбекистонлик меҳмонлар санъаткор қабрини зиёрат қилди.

Ҳожибой (Ҳожимурод) Тожибоев Янгиқишлоқ, ҳозирги Навбунёд қишлоғида туғилган. Шу ерда ўрта мактабни битиргач, Тошкентдаги театр ва рассомчилик институтига ўқишга кирган. У меҳнат фаолиятини ҳозирги Спитамен тумани Шукур Бурхонов номли ўзбек давлат мусиқали драма ва комедия театрида бошлаган. Кейинроқ Хўжанддаги ҳозирги Камол Хўжандий номли театр ва Ўзбекистондаги санъат муассасаларида ишлаган.

Хотира кечасида Жаббор Расулов тумани раисининг ўринбосари Илҳом Аҳмадзода Ҳожибой Тожибоевнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўзлар экан, юртдошлари эл севган санъаткор билан фахрланишларини таъкидлади. Шунингдек, хотира тадбирида туман маданият бўлими масъуллари, Гулхона қишлоқ жамоати фаоллари, санъат ва адабиёт вакиллари, Ҳожибой Тожибоевнинг оила аъзолари сўзга чиқди.

Тадбирда ўзбекистонлик санъаткорлар ижросидаги дўстлик, муҳаббат ва тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар барчага яхши кайфият улашди.

Гулхона қишлоқ жамоатидаги муҳташам Маданият қасри Ҳожибой Тожибоев номига қўйилди. Айни шу бинода санъаткорга бағишланган музей очилди.

 Ўринбой УСМОН, ЎзА