Ижтимоий тармоқларда Ҳиндистондан импортнинг чекланиши билан Ўзбекистонда гуруч етишмовчилиги яқинлашаётгани ва тез орада нархлар кескин ошиб кетиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу хабарларга муносабат билдирди.

“Ўзбекистон Республикасида ҳар йили 100 минг гектардан ортиқ майдонларда шоли экиб, етиштирилади. Республика шароитида аҳоли жон бошига ўртача йилига 9,8 кгдан гуруч истеъмоли талаб этилади. Яъни республика аҳолисини тўлиқ гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш учун 353 минг тонна гуруч захираси талаб этилади.

Республика худудларида 2022 йилда 105,8 минг гектар майдонларда шоли экилиб, 516,9 минг тонна шоли етиштирилди. Гуруч ҳисобида 310 минг тоннани ташкил этади. Яъни, аҳоли талабига нисбатан 43 минг тонна кам гуруч ишлаб чиқарилади (2021 йилга нисбатан 48 минг тонна кўп шоли етиштирилган).

Таҳлилларга кўра, 2022 йилда республика бўйича 8 минг тонна гуруч импорт қилинган бўлса, 2023 йилда 53,5 минг тонна гуруч импорти амалга оширилган. Яъни истеъмолга нисбатан 10 минг тонна ортиқча гуруч импорт қилинган.

Гуруч импорти Қозоғистондан 29,3 минг тонна (54,7 фоиз), Покистондан 23,2 минг тонна (43,3 фоиз), Таиланддан 599 тонна (1,1 фоиз), Туркиядан 265 тонна (0,5 фоиз) ва Ҳиндистондан 126 тонна (0,2 фоиз) ва бошқа мамлакатлардан 21,1 тонна (0,02 фоиз) гуруч импорти амалга оширилган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, хулосага кўра сўнгги 5 йилда Ҳиндистон мамлакатидан республикамизга жами 232,6 тонна гуруч импорти амалга оширилган, холос.

Жорий йилда Ҳиндистон мамлакатининг бошқа мамлакатларга гуруч экспорти тўхталиши Ўзбекистонга ўз таъсирини кўрсатмайди.

Жаҳон бозорида 2023 йил июнь ҳолатига ўртача гуруч нархи 1,93 АҚШ доллари (22 364 сўм), энг арзон нарх 0,52 АҚШ доллар (6025 сўм) (Тунис), максимал нарх 4,84 АҚШ долларни (56 086 сўм, Сербия) ташкил этмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон деҳқон бозорларида гуручнинг 1 кг нархи навидан келиб чиқиб, 11 500 сўмдан 25 000 сўмгача сотилмоқда (ўтган йил мос даврига нисбатан 35,2 фоизга ўсган).

Жумладан, гуручнинг “Авангард” нави 11 500 – 17 500 сўмгача, “Аланга” нави 16 000 – 18 500 минг сўмгача, “Лазер” нави 19 500 – 25 000 сўмгача сотилмоқда.

Шунингдек, кузатув натижаларига кўра, гуручнинг минимал нархи Нукус шаҳрининг “Нукус деҳқон бозори” ва Гулистон шаҳрининг “Гулистон деҳқон бозори”да (“Нукус-2” ва бошқа маҳаллий навли гуручлар) 11 500 сўм қайд этилган. Максимал нарх эса Тошкент шаҳрининг “Фарҳод деҳқон бозори”да 25 000 сўмдан сотилгани кузатилди (“Лазер” навли гуруч). Шу билан бирга, ушбу бозорда гуручнинг минимал нархи 13 000 сўмни ташкил этган.

Барча бозорлар гуруч билан узлуксиз таъминланган ҳамда захиралар етарли.

Аҳолини турли ижтимоий тармоқлардаги гуруч нархи ошиб кетиши асоссиз тарғиб қилинишидан огоҳ бўлишга чақириб, бу фақатгина спекулятив ҳолат ёки гуруч нархини асоссиз оширишга ҳаракатларни амалга оширишга туртки бўлаётганлигини маълум қиламиз”, – дейилади вазирлик муносабатида.

ЎзА