Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Қайд этилишича, эҳтиёжманд оилалардаги илмга интилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида хotin-qizlar.uz платформаси орқали 2022 йилда тест синовлари натижасига кўра, энг юқори балл тўплаган 1 минг 982 нафар хотин-қиз олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди. Жорий йил учун туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари қошидаги комиссиялар томонидан 50 минг 668 нафар талабгорнинг ҳужжатлари қабул қилинди. Мезон талаблари асосида 38 минг 702 нафар талабгорга тавсиянома берилди.
Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 507 нафар хотин-қиз 2022 йилда олий таълим муассасаларига контракт тўлови асосида талабаликка қабул қилинди. 2023 йилда туман (шаҳар) комиссиялари томонидан 12 минг 563 нафар талабгорнинг ҳужжатлари қабул қилинди. Мезон талаблари асосида 11 минг 993 нафар талабгорга тавсиянома берилди.
14 минг 100 нафар магистратурада ўқиётган талаба қизларнинг 153,4 миллиард сўм контракт тўловлари тўлаб берилди. ОТМларда ўқиётган 133 минг 973 нафар талаба хотин-қизларга 7 йил муддатга 1 243,9 миллиард сўм миқдорида фоизсиз таълим кредити берилди.
Хотин-қизлар фаоллари томонидан йил бошидан 414 минг 184 та муаммо аниқланиб, шундан 399 минг 942 та муаммо бартараф этилди. 2023 йил бошидан шу кунга қадар 235 мингдан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Шундан 106 минг 123 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 43 минг 124 нафари жамоат ишига жалб этилди. 133 минг 84 нафари касб-ҳунарга ва тадбиркорликка, шундан 60 минг 390 нафари Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида ўқитилди. 21 минг 810 нафар хотин-қизга 90,6 миллиард сўм, шундан “Аёллар дафтари”да турган 16 минг 298 нафар оғир ижтимоий вазиятдаги хотин-қизларга 70, 244 миллиард сўм субсидия ажратилди.
Республикада фаолият олиб бораётган 4 минг 218 нафар касаначи хотин-қизлар тўғрисида маълумотлар базаси шакллантирилди. Улар томонидан 20 минг 218 нафар доимий, 19 мин 813 нафар хонадонларга иш бериш орқали жами 40 минг 91 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА