Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев хавфсизлигини таъминлаш функцияси Давлат қўриқлаш хизмати (ДҚХ) вазифалари рўйхатидан чиқарилди. Айни қарор Республика ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган Президент Қосим-Жомарт Тоқаевнинг янги таҳрирдаги фармонида келтирилган. Ҳужжат 4 августдан кучга киради.
Аввалги таҳрирда ДҚХ “Қозоғистон Республикаси Президенти, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши, бошқа муҳофаза этиладиган шахслар, объектлар хавфсизлигини таминлаш буйича ҳимоя чораларини” амалга оширади, дейилган. Янги версияда эса биринчи президент ҳақидаги қисм олиб ташланган. Бунга Назарбоев, унинг оила аъзолари мақоми ва имтиёзларини тартибга солувчи “Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида”ги илгари амалда бўлган конституциявий қонун бекор қилиниши асос бўлди.
31 май куни мамлакат парламенти Мажилиси (қуйи палатаси) депутати Снежанна Имашева депутатлар Элбошини ҳақорат қилганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги моддани Жиноят кодексидан чиқариб ташлашни назарда тутувчи тузатиш кўриб чиқилаётганини маълум қилганди.
ДҚХ – Қозоғистон Президентига бевосита бўйсунувчи ва ҳисобдор махсус давлат органи бўлиб, биринчи шахс ва муҳим объектлар хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади.